Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутати — қонуний ваколатларга эга, катта ишонч ва ҳурматга сазовор бўлган масъулиятли шахс. У ўзи яшаётган ва ишлаётган ҳудуднинг паст-баландини яхши билади. Шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароити, уларни ўйлантираётган муаммолардан доим хабардор бўлади. Бу эса депутат долзарб ижтимоий масалаларни ўрганиши, партия гуруҳи, доимий комиссияларга таклиф бериши, депутатлик сўрови юборишида муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида кўриб чиқиладиган масалалар ана шу жараёнлар асосида шаклланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ишчи гуруҳи томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ишини самарали йўлга қўйиш, янги сайланган депутатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилиши режалаштирилган амалий тадбир Косонсой туманидан бошланди. Қуйи палата ишчи гуруҳига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилик қилмоқда.
Амалий тадбир доирасида ўтказилган семинарда маҳаллий Кенгашлардаги барча сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларига амалий ёрдам бериш, демократик ислоҳотлар жараёнида уларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўзга чиққанлар маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасида турган долзарб вазифалар, партия гуруҳлари ишини самарали йўлга қўйишнинг зарурати ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди. Иштирокчиларга Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.
Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш мавзусини таҳлил ва таклифлар асосида очиб берди.
Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган тадбир давомида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг саволларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров, партия Марказий Кенгаши масъуллари атрофлича жавоб беришди. Депутат ўзи яшаётган ҳудуд учун ёниб-куймас экан, муаммолар илдиз отаверади, дейишди сўзга чиққанлар. Депутатлар фаолиятини жонлантириш, партия маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар бериб ўтилди.
Шунингдек, худди шундай семинар Чортоқ туманида ҳам ўтказилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Аваз Ўринов, Дилбар Мамаджанова ва Шохиста Турғунова иштирокида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш масалалари ва услубий ёрдам бериш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Маҳаллий Кенгаш депутатларининг жамиятдаги ролини ошириш, депутатлик сўровларидан унумли фойдаланиш, эътиборни аҳолининг ҳақли талабларини ўз вақтида ҳал қилишга қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.