Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Наманган шаҳрида “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Наманган вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари масъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига амалий ёрдам бериш, ҳудудий партия ташкилотларининг фаолиятини жонлантириш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарни Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасида турган долзарб вазифалар, партия гуруҳлари ишини самарали йўлга қўйишнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари иш фаолияти самарадорлигини ошириш, партиянинг Сайловолди дастури ижросини таъминлаш жараёнига партия гуруҳлари аъзоларини фаол сафарбар қилиш масалалари ҳақида атрофлича тушунча берди.
Таъкидландики, партиянинг амалий Харакат дастурида белгиланган вазифаларни сифатли бажариш, депутатлик назоратидан унумли фойдаланиш, бунинг учун ҳудудларда ижтимоий масалалар бўйича мониторинг ишларини тизимли йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга.
Семинар-тренингда мавзу юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати