Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бевосита инсон саломатлигини асраш, ҳатто, ҳаётини сақлаб қолишнинг муҳим шартларидан бири сифатида баҳоланади. Айниқса, дунёда эпидемиологик хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётгани касалликларга қарши курашишнинг янгича тизимини жорий қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш мақсадида чора-тадбирлар йўлга қўйилган.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони ҳамда 2022 йил 25 апрелда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидаги бир қатор оилавий поликлиникаларда мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан манзилли ўрганиш олиб борилди.
Айтиш керакки, бугун оилавий поликлиникаларда аҳвол анча яхшиланган. Айримлари капитал таъмирдан чиқарилган бўлса, яна бошқалари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Умуман, вазият ижобий томонга ўзгарган. Аммо ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас.
Ўрганишлар давомида айрим поликлиникалар замонавий санитария талабларига жавоб бермаслиги, баъзиларининг моддий-техник базаси етарлича таъминланмаганлиги ва малакали кадрларга эҳтиёж катталиги маълум бўлди. Шу билан бирга, дори-дармон воситалари белгиланган тартиб асосида сақланмаётгани ҳам аниқланди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 5-сонли оилавий поликлиника 7 та маҳаллага, жами 22273 нафар фуқарога хизмат кўрсатади. Биринчи навбатда, поликлиникада малакали кадрлар етишмайди. Шифокор ва олий маълумотли фармацевтлар учун жами 32,5 та штат бирлиги ажратилган бўлиб, шундан 26,25 таси банд, холос. 23 мингга яқин фуқарога 22 нафар шифокор хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ўз-ўзидан кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифати ва даврийлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий.
Ўрта тиббий ва фармацевт ходимлар учун жами 72,5 та штат бирлигида иш ўринлари ажратилган. Аммо шулардан 49,5 таси банд, холос. Шулардан аҳолига хизмат кўрсатаётган ҳамширалар сони 41 нафарни ташкил қилади.
Бу масала атрофлича ўрганилганда кадрлар қўнимсизлигининг асосий сабаби ойлик маошларнинг камлиги, иш шароитининг қониқарли эмаслиги, моддий-техник таъминотнинг етарли эмаслиги экани маълум бўлди. Шунинг учун кўплаб малакали тиббиёт ходимлари хусусий муассасаларда ишлашга мажбур бўлаётгани аниқланди.
Шунингдек, мазкур поликлиника кўп йиллардан буён УТТ (УЗИ) аппаратига муҳтож ва рақамлаштириш тизими жорий этилганига қарамай, муассасада компьютерлар етишмайди. Мавжудлари ҳам маънан эскирган. Аниқланишича, аксар ҳолларда ходимлар ўзлари билан компьютер олиб келиб ишлашига тўғри келяпти.
22 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган поликлиника биноси таъмирталаб аҳволда. Бино охирги марта 2020 йил маҳаллий бюджет ҳисобидан жорий таъмирланган. Хоналар етишмаслиги сабабли поликлиника ҳисобидаги дори-дармон воситалари бош ҳамшира хонасида сақланиши маълум бўлди.
Юнусобод туманидаги 53-сонли оилавий поликлиника фаолияти ўрганилганда бош шифокор ташаббуси ва маҳалла масъуллари кўмаги билан “Очиқ бюджет” лойиҳасида поликлиника биносини таъмирлаш учун маблағ ютиб олишганини айтишди. Аммо поликлиника таъмирланиши учун лойиҳа бўйича маблағ ажратилган бўлса-да, тегишли ташкилотлар томонидан иш ҳанузгача ортга сурилаётган экан. Мазкур масала партия депутатлари томонидан назоратга олинди. Шунингдек, поликлиника бош шифокори депутатлардан яна бир масала юзасидан амалий ёрдам сўради.
Гап шундаки, 53-сонли оилавий поликлиника жами 23455 нафар фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатиб келади. Эътиборлиси, мазкур аҳолининг деярли 78 фоизга яқини кекса ёшдаги фуқароларни ташкил қилади. Шуни инобатга олган ҳолда, сурункали касалликлар билан назоратда турадиган кекса ёшдаги фуқаролар саломатлигини сақлаш мақсадида давлат бюджетидан кўпроқ маблағ ажратилиши бўйича ёрдам сўралди. Депутатлар бу масалани атрофлича ўрганиб, асосли таклифлар тайёрлашни ўзлари учун вазифа қилиб олишди.
Таъкидлаш лозимки, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг ҳамма учун мақбуллиги доимо партиямиз диққат марказида бўлиб келган. Шу боисдан Халқ демократик партияси масъуллари республикамизнинг бош қа ҳудудларида ҳам бундай ўрганишларни давом эттирмоқда.
Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 20.12.2023, №50