Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида “Сайлов органлари тизими такомиллаштирилишининг ўзига хослиги жиҳатлари” мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари З. Акрамова, У. Уразбаев, Халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгаши депутатлари, туман ташкилот, корхона раҳбарлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар, ёшлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланяпти.