Мурожаатнома ёшларнинг кайфиятини кўтарди
Мурожаатнома ёшларнинг кайфиятини кўтарди

 

Президентнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида давлат ва жамиятни тубдан ислоҳ этишни давом эттириш масалалари, шунингдек, 2020 йилда ёшларни қувонтирадиган кўплаб янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Ёшлар қувончли хабарларни хурсандчилик ва миннатдорлик билан қабул қилди.

Наманган давлат университети талабалари билан Мурожаатнома мазмун-моҳиятини ўрганиш бўйича ўтказилган учрашувда ҳам 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани ёшларнинг кайфияти, илму юксалишга шашти ва иштиёқи кўтарилгани яққол сезилди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов ёшлар ўқиб ўрганиши, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳунарли бўлиши учун Мурожаатномада кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани, режалар айтилгани ҳақида батафсил гапириб берди.

Маълумки, жорий ўқув йилидан бошлаб мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилиб, 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникум ташкил этилади. Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш долзарб вазифа. Шу мақсадда миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Мазкур тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини бериши кутиляпти.

“Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт”, деди Президентимиз.

Бу муҳим вазифани бажариш учун биринчи навбатда мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш керак. 2020 йилда бу кўрсаткични 25 фоизга, келгусида 50-60 фоизга етказиш режалаштирилгани айтилди. Охирги йилларда олий ўқув юртларига қабул квоталари анча сезиларли даражада оширилди, бунинг учун барча имкониятлар ишга солинди. Шу билан бирга, учрашувда қайд этилдики, олий таълимни ривожлантириш бирданига ечиладиган масала эмас, бунга катта изланиш ва ресурс керак. Шартнома тўловини икки-уч баробар кўтариб, қабул квоталарини ошириш мумкин, лекин бу ҳолатда ёшларга, уларнинг оилаларига моддий қийинчиликлар юзага келади.

Шу боис Мурожаатномада олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги зарурлиги таъкидланди. Қувонарлиси, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш кўзда тутилди.

Учрашувда Мурожаатномада ёшлар манфаатларини кўзлаб илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида кенг тушунча берилди. Ёшлар ҳам фаол тарзда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янгидан ишлаб чиқиладиган “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси давлат ва жамиятнинг ёшларга муносабатини бутунлай янги даражага кўтариши кутилаётгани қайд этилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш