Ўз касбига садоқатли ҳамшира
Ўз касбига садоқатли ҳамшира

 

Сўз шифокорлар ҳақда кетар экан, кўз олдимизда бемор дардига малҳам бўлиш учун парвона бўладиган оқ халат соҳибалари намоён бўлади. Тиббиёт масканларида шифокорларнинг “ўнг қўли” бўлган ҳамшираларнинг ўз ўрни бор. Инсоннинг дардига малҳам бўлишга интиладиган ҳамширалар белгиланган ташхис асосида муолажаларни ўз вақтида олиб бориши билан жонингизга оро киришади.

Урганч шаҳридаги 2-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Гулнора Ибрагимовани қўли енгил ҳамшира сифатида кўпчилик яхши танийди. Гулноранинг ҳамшираликка бўлган ҳаваси 5-6 ёшлик қизалоқ пайтидан бошланган бўлса ажабмас. 1967 йилда Урганч шаҳрида таваллуд топган Гулнора Ибрагимова ёшлик чоғларини эслар экан, болаликдаги ўйинлар ҳаётдаги тақдирини белгилаб берганига чин дилдан ишонади.

— Ўша пайтларда қўғирчоғимни оёқ-қўлларини сийпалаб,бармоғимни бигиз қилганча ўзимча”укол” қилишни, қўғирчоғим “шамоллаб” қолмасин, дея онамнинг рўмолига ўраб қўйиб, ухлатишни хуш кўрардим. Ота-онам менга ҳамиша “Дўхтир” қизим мени, дея эркалашарди , — дейди Г.Ибрагимова болалигини эсларкан.

Йиллар ўтиб Гулноранинг ўша олис болалик чоғларидаги ҳаваси рўёбга чиқди. Ўрта мактабни аъло баҳоларга битиргач 1984 йилда Хива тиббиёт билим юртига ҳужжатларини топшириб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Ўқиш давомида ҳамширалик касбининг сир-асрорларини ўрганар экан, энг аввало қалбида инсонга бўлган меҳр туйғуси асосий ўрин эгаллашини англади. Чунки дард чеккан инсоннинг кўнглига йўл топиш, унга илиқ муносабатда бўлиш, ишонч уйғотиш ҳар қандай муолажанинг дебочаси эканлигини амалиёт давомида кўп бора англаб етди. Иш жараёнида ана шу тамойилни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйди ва шунга амал қилиб келмоқда.

Иш фаолиятини 1986 йилдан бошлаган Гулнора Ибрагимова кўплаб тиббиёт муассасаларида фаолият юритди. Ҳозирга кунда Г.Ибрагимова Урганч шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникада катта ҳамшира вазифасида ишламоқда. Эндиликда у кўплаб ёш ҳамшираларнинг меҳрибон устозидир. Ўзининг қимматли панд-насиҳатларини ёшлардан аямайди.

“Умр оқар дарё, деганларидек, 37 йилдирки Гулнора ўзи севиб танлаган касбидан бахт топиб, жамиятда ўз ўрнига эга мутахассис сифатида иш олиб бормоқда. Ижтимоий ҳаётда ҳам Г.Ибрагимова ҳамиша фаол бўлишга интилиб келмоқда. У Ўзбекистон халқ демократик партиясининг фаол аъзоларидан биридир. Партия фаоли сифатида кўплаб тадбирларда партиянинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини аҳолига етказишга ҳаракат қиляпти. “Ҳамширалар куни” муносабати билан меҳридарё аёл Гулнора Ибрагимовани чин дилдан қутлаймиз. Кишилар дардига малҳам бўлаётган қўлингиз асло дард кўрмасин!

 

Меҳрибон Исмоилова,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши “Хотин-қизлар билан ишлаш” сектори мудири.

 

 

 

 

Теглар

Фахрий
← Рўйхатга қайтиш