Ҳар ким меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга! (видео)

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро давлат Тиббиёт институтида очиқ осмон остида “Менинг Конституциям” шиори билан янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирини ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, ва талаба ёшлар иштирок этди.

300 га яқин шижоатли ёшлар ва фаол хотин-қизлар, эртанги кунига бефарқ бўлмаган бухороликларни жамлаган тадбир давомида кўтаринки кайфият ҳукмронлик қилди.

Муҳташам тарихи, табаррук зиёратгоҳлари, улуғ алломалари билан дунёга машҳур заминда бугун ҳам мард ва танти, уддабурон, меҳнаткаш ва фидойи инсонлар яшайди, ёшлари билим олишда, спортда ўрнак ва ибрат кўрсатмоқда. Табиийки, илмга, янгиликлар ва ислоҳотларга чанқоқ бухороликлар эртанги куни, тақдирини белгилаб берадиган сиёсий жараёнлар, янгиланаётган Конституцияга бефарқ эмас.

Тадбир аввалида янгиланаётган Конституция инсон ҳақидаги энг олий ҳужжат экани, унда инсоннинг бахтли бўлиши учун энг муҳим қоидалар белгилаб қўйилаётгани таъкидланди.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, Бухоро давлат Тиббиёт институти ректори Шухрат Жумаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Рахмоновлар Конституцивий ислоҳотлар ташаббусини илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаб келаётгани, бутун республикадаги партия электорати вакиллари, депутатлар ва фаоллардан олинган 3 мингдан ортиқ таклифларнинг аксарияти мазмунан янгиланаётган Конституцияда ўз ифодасини топаётгани, бу катта ижтимоий-сиёсий ютуқ эканини қайд этди.

Янгиланаётган Конституция илғор давлатчилик ва демократия тажрибалари асосида тўлиқ халқимиз, фуқаролар манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий давлат қуриш йўлида янги даврни бошлаб беради.

Очиқ осмон остидаги тарғибот тадбирида кейинги йилларда юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга асос бўладиган улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Эндиликда Конституциявий ислоҳотлар орқали давлат халқимиз учун жуда муҳим бўлган масалаларда қатор мажбуриятларни зиммасига олаётгани таъкидланди.

Энг асосийси,Ўзбекистон ижтимоий давлат экани биринчи моддадаёқ қатъий белгиланиб, кейинги моддаларда бу қоида ривожлантирилмоқда. Хусусан, Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга экани, 43-моддада фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, 47-моддада эса ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқини кафолатлаш учун шароит яратиш давлатнинг зиммасида бўлиши белгилаб қўйиляпти.

Байрамона кайфиятда ўтган тадбирда янгиланаётган Конституциямиздаги меъёр ва қоидалар меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги учрашув ва мулоқот жараёнларида халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Тадбирда иштирокчилар билан бевосита мулоқотга киришилиб, сиёсий-ҳуқуқий викторина саволларига жавоб ва фикр-мулоҳазалар тингланди. Энг фаол қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Мулоқот сўнггида оиласи, фарзандлари, яқинлари яхши яшаши, ўз юрти тинчлиги ва фаровонлигини истайдиган ҳар бир юртдошимиз муҳим сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмасдан, референдумда ўз фуқаролик позициясини кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

Очиқ осмон остида мулоқот тадбирлари Халқ демократик партияси томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш