Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев, ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси Н. Холматовлар иштирокида Жиззах шаҳридаги Мусиқа ва санъат мактаби, 20-умумтаълим мактаби, Шароф Рашидов туманидаги 19-умумтаълим мактабларида янгиланаётган Конституциявий қонун лойиҳаси тарғиботига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Маҳалла фаоллари, фуқаролар, ёшлар, педагоглар иштирок этган учрашувларда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, бош Қомусимизда ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиши, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқи ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатимизга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи белгиланаётгани тўғрисида депутатлар томонидан атрофлича фикр юритилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари давомида иштирокчилар конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, референдум жараёнлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда фуқароларга мутахассислар томонидан керакли тавсия ва тушунчалар берилди. Барча ёшлар, ходимлар ва фуқаролар жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чорланди.