Ирода АБДУЛЛАЕВА, биолог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Шайхонтоҳур тумани раиси, 148-Кўкча сайлов округидан номзод:
— Бугунги кунда Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилаётган 340 минг нафардан зиёд аҳолига 9 та оилавий поликлиника, 1та тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 1-шаҳар клиник шифохонаси, шаҳар перенатал маркази, 1 та болалар клиник шифохонаси, шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази, 1 та болалар юқумли касалликлар шифохонаси 1 та болалар стоматология поликлиникаси, тез тиббий клиника шифохонаси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш лозим, деб ҳисоблайман. Шунингдек, ўз сайловолди дастуримда барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш таклифини илгари суряпман.
Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ, Филолог, иқтисодчи, Ўзбекистон Халқ демократик парияси Марказий Кенгаши ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи:
— Сайловолди дастуримда аҳолига манзур келадиган, уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб қатор масалалар киритилган. Масалан, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқишни таклиф этаяпмиз.
Уй-жой фондини - коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан замонавий электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўлиқ таъминлаш таклифини илгари сурмоқдаман. Шу билан бирга коммунал хизматлар учун барча ўлчов асбобларини етказиб берувчи ташкилотлар балансига ўтказиш ҳамда уларнинг зиммасига асбобларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириш вазифасини юклаш керак, деб ҳисоблайман.
Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!