Бир неча кун аввал Халқаро пресс клубнинг сессиясида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳудудидаги чиқиндихона аянчли ҳолатга келиб қолгани, маҳаллий аҳоли ундан азият чекаётгани ҳақида лавҳа намойиш этилган эди. Ушбу масала Фарғона вилоят кенгаши масъуллари томонидан ўрганилди. Қўштепа туман хокимлиги қуйидагиларни маълум қилган:
“Қўштепа тумани “Хумдон” маҳалласидан бир гуруҳ фуқаролар ҳудуддаги чиқиндихонадан тарқалаётган тутун аҳоли соғлигига жиддий ҳавф туғдираётганлиги ва бир неча ташкилотга мурожаат қилинганига қарамай муаммо ижобий ҳал этилмаганлиги баён этилган.
Мазкур мақола туман ҳокимлиги ва бошқа масъул идоралар вакиллари иштирокида атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар бўйича шуни маълум қилиндики, Фарғона шаҳар “Тоза ҳудуд” ДУК филиалига қарашли бўлган, Фарғона тумани “Саткак” қишлоғи ҳудудида жойлашган Фарғона Марказий чиқиндихонаси 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, умумий майдони 72 гектардан иборат.
Ушбу Марказий чиқиндихонага Фарғона шаҳрида яшовчи аҳоли томонидан ҳосил бўлган қаттиқ маиший чиқиндилар олиб келиб жойлаштирилиб келинади.
Чиқиндихонага бириктирилган Фарғона шаҳар “Тоза ҳудуд” ДУК филиалига қарашли булдозер техникалари марказий чиқиндихонага ташланган чиқиндиларни ўз вақтида тартибга келтирилмаганлиги, чиқинди уюмларини ортиб борганлиги натижасида ёнғин келиб чиқиб, ҳудудда яшовчи фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Юқорида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан тезкорлик билан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
2019 йил 30 октябр куни амалга оширилган ишлар натижасида 550 м2 тартибсиз ташланган чиқинди уюмлари текисланиб, устки қисми тош шағал билан кўмилди.”