Наманган вилоят партия кенгаши депутатлар гуруҳи билан биргаликда Чуст туманидаги Мавлоно Лутфуллоҳ номли маданият ва истироҳат боғида аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбирда вилоят партия кенгаши раиси Равшан Абдуллаев, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова, ЎзХДПдан вилоят Кенгаши депутати, Сенат аъзоси Мавлуда Имомова, Чуст туман ҳокими ўринбосари Нуриддин Кенжаев аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритишди.
Шундан сўнг аҳоли вакиллари ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан фикр мулоҳазалари, муаммоли ҳолатлар ҳақида таклиф ва талабларини баён қилишди.
– “Пансада” маҳалласидан келдим, – дейди Аброр Мадбоев. – Шу кунларда жияним Жавоҳир туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда ётибди. Назаримда, унга вилоят ёки республика муассасаларида ишлайдиган врач-мутахассисларнинг ёрдами зарур. Агар депутатларимиз шу масалада кўмак беришса, яхши бўларди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ўринбосари, туман Кенгаши депутати Фахриддин Зокиров бу мурожаат бўйича масъулиятни зиммасига олди, вилоятдан мутахассислар чақириладиган бўлди.
“Варзигон”, “Шарғилдон” маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи 49-оилавий поликлиника бош врачи Ҳабиба Воҳидова поликлиника учун яна битта қўшимча тез тиббий машинаси ажратилишини сўради.
– Ўрнатилган тартибга кўра 12 минг нафар аҳолига битта тез тиббий ёрдам машинаси ажратилиши керак, – дея изоҳ берди у. – Бизнинг оилавий поликлиника ҳисобида 17 минг киши ҳисобда туради. Хизмат чақирувлари кўп, битта машина билан улгуриш қийин бўляпти. Аҳоли бу ҳолатга эътироз билдиряпти.
Ушбу мурожаатни атрофлича ўрганиб ҳал этиш бўйича депутат ва мутахассислардан иборат гуруҳ тузилди.
– Мен “Бодомзор” маҳалласиданман, – деди ўзини Умриниса Латипова деб таништирган аёл. – Ўғлимни оиласи билан маҳалламиз ҳудудидаги ёш оилалар кўчасига кўчиргандик. Ўшанда “Сувоқава” туман бўлими томонидан водопровод суви учун пул йиғилиб, қувур тортилганди. Ҳисоблагич ўрнатилиб, ҳали келмаган сув учун ҳам олдиндан тўлов ундирилган эди. Шунга ҳам 4 йил бўлибди. Сув қачон келади? Олдиндан ундирилган тўлов пулларининг ҳисоб-китоби қандай бўлади?..
Мутасадди Самаев Мўминжон сўз олиб, ҳолат депутатлар билан бирга қайта ўрганилишини, талабни қоноатлантиришга киришилишини маълум қилди.
Савол-жавоблар асосида қизғин ўтган мулоқотда кўтарилган масалалар ўрганилиши, натижалар бўйича мурожаатчиларга маълумот берилиши маълум қилинди.
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши мулоқотда фаол иштирок этган ҳамкор ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
“Ўзбекистон овози” газетаси мухбири.