Янгиланаётган Жиззахда ислоҳотлар давом этмоқда
Янгиланаётган Жиззахда ислоҳотлар давом этмоқда

 

Таълим ривожланган жойда маънавият, маданият, иқтисодиёт ривожланади. Илгари вилоятимизда 2 та университет фаолият олиб борарди. Ҳозирги кунда эса университетларнинг сони 3 тага кўпайди. Қисқа вақт ичида кўзни қувонтирадиган улкан ишлар ўз натижасини кўрсатди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

Биргина Зафарободдаги “Хуак-син цемент” корхонаси қуввати бўйича юртимизда 3-ўринда туради. Жиззах саноат зонасидаги “Минг юан индастри” корхонаси безакли ойна бўйича республика эҳтиёжининг 90 фоизини таъминлайди. Натижада, Жиззах саноатида қурилиш материаллари улуши 2 баробарга ошиб, 25 фоизга етди.

Аввал Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди.

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида фаоллар ва мутасаддилар билан ҳудудда саноатни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Жиззахдаги саноат зоналари ҳақида сўз юритилар экан, давлат раҳбари масъуллар олдига сентябрь ойида 80 миллион доллар инвестиция ҳисобига электромобиль заводи ишга туширилиши вазифасини қўйди. Бунинг учун ҳозирдан ўзимиздаги корхоналар билан кооперация асосида бутловчи қисмларни етказиб бериш дастурини бошлаш кераклигини таъкидлади.

Фориш туманидаги "Учқулоч” конини тиклаш бўйича хорижий инвесторлар билан шартнома имзолаш, 1 майгача бурғилаш ишларини бошлаш кераклиги таъкидланди. Бунга 200 миллион доллар инвестиция жалб қилинади ва 600 та иш ўрни яратилади.

Ҳозирда вилоятнинг умумий саноат экспорти - 166 миллион долларни ташкил этади. “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, бизнесга қулайлик кенгайтирилди. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда “Iruskon” қандолат корхонаси ҳам қўшилди. Давлатимиз раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирди.

Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида Deya бренди билан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида яна 550 нафар янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз корхоналарда маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўйлайманки, давлат раҳбаримизнинг берган топшириқлари вилоятимиздаги минглаб фуқароларимизнинг турмуш тарзини яхшилашда, энг муҳим ва долзарб дастуриламал бўлади.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш