Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, сайловчилар билан очиқ мулоқотлар ўтказишмоқда. Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Урол Ўрозбоев Жиззах шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қиляпти.
Учрашувлар аввалида У. Ўрозбоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга, бутун халқимизга йўллаган мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириб ўтяпти. Сайилжой академик лицейида бўлиб ўтган учрашувда таълим ва бошқа турли соҳа вакиллари билан савол-жавоб қилинди. Маҳалла аҳолисининг мавжуд муаммолари ўрганилди. Учрашув давомида фуқаролардан 30 дан ортиқ мурожаатлар ёзиб олинди. Депутат Жиззах шаҳар масъуллари, маҳалла раислари олдига тегишли мурожаатлар бўйича вазифалар юклади.
Учрашув давомида С.Мансурова, Ш.Нишоновалар ўзлари истиқомад қилиб келаётган Сайилжой маҳалласида ётоқхона биносидаги техник носозликлардан шикоят қилишди. Ушбу масала бўйича ўрганишларга асосланиб, ижобий ҳал қилиниши хусусида масъуллар билан ўзаро келишиб олинди.
Шароф Рашидов туманидаги Эски Тошкентлик, Сарайлик, Яхтанлик, Тараққиёт, Бобур, Туёқли, Бўстон, Қораянтоқ ва Халқобод маҳаллаларида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Урол Ўрозбоев иштирокида фуқаролар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Давлат дастури асосида таъмирланаётган Олмачи маҳалласидаги 25-мактабгача таълим ташкилотини бориб кўрди ва мавжуд камчиликлар хусусида алоҳида гапириб ўтди. Шунингдек, У.Ўрозбоев Хайрабоддаги 23-МТТнинг таъмирдан чиқарилган ҳолатини кўздан кечирди. Халқабод маҳалласида ичимлик суви билан боғлиқ муаммони бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари депутат кўмаги билан Давлат дастурига киритилган.