Ҳаммамизни қувонтиради
Ҳаммамизни қувонтиради

 

2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили, деб ном берилиши мени, яқинларимни қувонтирди.

Таълим барча соҳаларнинг пойдеворидир. 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири мактабларда таълим сифатини яхшилаш, муаллимларнинг нуфузини оширишга қаратилиши айтилди. Президентимиз ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда белгилаш таклифини илгари сурди.

2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Шунингдек, ёшларнинг чет тилларни пухта эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилиб, юқори малакали хорижий тил ўқитувчилар мамлакатимизга олиб келиниши йўлга қўйилади.

Маълумки, жорий йилда Қорақолпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатланиши йўлга қўйилган эди. Ушбу тажриба 2023 йилдан вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда. Бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратиладиган бўлди.

Таълим соҳасидаги муҳим йўналишлардан яна бири ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашлари учун шарот-шароитларни яратиб беришдан иборатдир. Президентимиз мактаб битирувчиларининг келгуси тақдири ҳақида қайғуриб, ўқувчиларнинг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётганини айтиб ўтди. Шу боисдан 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Бу ишлар яхши йўлга қўйилиши учун 2023 йилдан ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши, келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши белгилаб олинди.

Шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилишини маълум қилинди.

Прездентимиз илгари сурган ғоялар, вазифалар барчани бирдек қувонтирди, десам янглишмаган бўламан. Унда халқимизнинг орзу-истаклари акс этди.

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 28.12.2022, №52

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш