Халқимизнинг турмуши яхшиланса, мамлакатнинг тараққиёти шу қадар юксалаверади
Халқимизнинг турмуши яхшиланса, мамлакатнинг тараққиёти шу қадар юксалаверади

 

Мана бир неча йилдан буён халқимиз давлатимиз раҳбарининг мурожаатномасини интиқлик билан қарши олади.

Негаки, мурожаатномада юртимизда кейинги йилларда амалга оширилиши лозим бўлган стратегик вазифалар эълон қилинади, ушбу вазифаларни амалга оширишнинг ташкилий, ҳуқуқий асослари таклиф этилади.

Юртбошимизнинг мурожаатномасини кўплаб соҳа вакиллари қатори мен ҳам фуқаро, ҳам депутат сифатида катта мамнуният билан қарши олдим. Боиси Президентимиз томонидан бизнинг зиммамизга ҳам бир қатор долзарб вазифаларнинг бажарилиши бўйича катта ишонч билдирилмоқда. Эндиликда эса биз, депутатлар мурожаатномадан ўрин олган вазифаларни фидойилик билан адо этиб, ушбу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қилишимиз керак.

Мурожаатномада барча соҳа ва тармоқлар қатори тадбиркорликни ривожлантириш, бу орқали ёшлар ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги бир қатор ислоҳотлар илгари сурилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, халқимизнинг турмуш тарзи қачонки яхшиланса, мамлакат шу қадар юксалиб бораверади. Оилавий низолар, ижтимоий кўмакка муҳтож ногиронлар сони камаяди. Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар муаммоларини вазирлик ёки ҳокимликлар эмас, қонун ва суд ҳал этиши лозимлиги алоҳида таъкидланган. Бу аввало тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари иқтисодий ҳамда маъмурий судларда янада ишончли ҳимоя қилинишини англатади.

Шунингдек, ушбу вазифани барча масъуллар тадбиркорларга нисбатан қўллаётган ҳужжатлар, бераётган топшириқ ва кўрсатмалари ҳам албатта қонунга мувофиқ бўлиши лозимлигидан огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин.

Демакки, тадбиркор ва мулкдорга улар фаолияти билан боғлиқ қонунда йўқ топшириқлар, кўрсатмалар, мажбурий-ихтиёрий ҳомийлик ва бошқалар қонунга мувофиқ жавобгарликка асос бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатларида “Бир йилнинг ўзида 2 мингга яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорларга чиқди. Келаси йилда ҳам экспорт қилувчиларга транспорт ва бошқа харажатларини компенсация қилиш давом эттирилади.

Европа бозорларига текстиль, электротехника, чарм-поябзал ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспортини камида 2 баробар оширамиз. Маҳсулотлар экспорти бўйича ҳозирги 9 та босқичли божхона расмийлаштируви 3 баробарга қисқаради.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш ишларини жадаллаштирамиз. Умуман, 2023 йилда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортади” дея таъкидлаганлари барчамизни бирдек қувонтирди.

Бир сўз билан айтганда, мурожаатномада бугунги куннинг долзарб масалалари ўрин олган бўлиб, ҳар биримиздан эртанги кунга бефарқ бўлмай, дахлдорлик туйғуси билан яшашимизни талаб этади. Халқимизнинг турмуши яхшиланса, мамлакатнинг тараққиёти шу қадар юксалаверади. Шу сабаб ушбу эзгу ишда барчамиз бирдек масъулмиз!

 

Нуриддин ХОЛМАТОВ,

ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш