Жиззах вилоятида учрашувлар, мулоқот тадбирлари ўтказилганда, жуда кўп ижобий ишларга, ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Мурожаатлар ўрганиляпти, ижтимоий масалалар босқичма-босқич ҳал этиляпти. Лекин муаммоли, ечимини кутаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёни, шунингдек, Президентнинг 16 июндаги 283-сонли қарорида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ва аҳолига янада яқинлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Жиззах вилоятида уларнинг ижроси ўрганилди. Бугунги кунда Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах ҳудудий филиалига 68 нафар штат бирлиги тасдиқланган бўлсада, лекин улар ҳалигача тўлиқ шакллантирилиб, иш фаолияти бошланмаган.
Янги филиалларининг жойлашуви, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ҳамда тез тиббий ёрдам учун янги бино қуриш режалаштирилган. Аммо марказ вилоят ҳудудий филиалининг тез тиббий ёрдам ходимларини тўлиқ жойлаштириш, шароитларини яхшилаш, янги бино учун ер ажратиш, лойиҳалаш ишларини молиялаштириш, қурилиш бошланмаган.
Дастур асосида тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан таъминлаш вазифаси Жиззах филиалида бажарилмай қолмоқда. Филиалда 57 та GPS-трекерлар олинган бўлсада, радиоалоқа воситалари, АКТ инфратузилмалари билан таъминлаш, молиялаштириш билан боғлиқ масалалар охирига етказилмаган.
Жиззах филиалига тегишли Шароф Рашидов туман бўлими фаолияти танлов асосида ўрганилди. Жойлашган биноси умуман талабга жавоб бермайди. Ходимлар учун шароит яратилмаган, жиҳозлари яроқсиз ҳолатда, хоналари совуқ, иситиш тизими ишламайди, компьютерлар билан таъминланмаган.
Ўрганишлар асосида камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишига ҳаракат қиламиз.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.