Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради” деган сўзларини шиор қилган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Ўразбоев Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудидаги “Янги Диёр” ҳамда “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинлари худудларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Аҳоли билан учрашувларда Ш.Рашидов туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Депутат У. Ўразбоевнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ га тумандаги “Маданият” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида ёзган депутатлик сўрови натижасида, бугун “Маданият” маҳалласини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Қўшни “Янги Диёр” маҳалласи ҳудудидан 9 км масофадан янги ичимлик суви тармоқлари тортишда 9 млрд. сўмлик ишлар режа асосида бошланди. Бундан “Маданият” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган аҳоли миннатдор.
Депутат У.Ўразбоев, туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва корхоналари раҳбарлари билан биргаликда “Маданият” маҳалласи аҳолиси билан учрашув ташкил этилди. Мулоқотда Конституциявий қонун лойиҳасидаги янги нормаларнинг мазмуни-моҳияти, шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, янги Меҳнат кодексининг мазмун- моҳияти, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳамда «Долзарб 40 кунлик» доирасида маҳаллаларни обод қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида ушбу масалани танқидий муҳокама қилиб борилиши ҳақида атрофлича сўзлаб берилди. Сўнг аҳоли билан сайёр қабул ўтказилди. Фуқаролардан турли хил мазмундаги жами 15 та мурожаат тушди. Мурожаатларнинг ижроси бўйича йиғилишда иштирок этган туман ташкилот ва корхона раҳбарларига вазифалар юклатилди.
Депутат У.Ўразбоевнинг ўз округидаги учрашувлари доирасида тумандаги “Янги Диёр” ҳамда “Маданият” маҳалласи худудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 25 апрелдаги ПҚ-215-сонли Қарорининг ижроси ўрганилди. Туманга келтирилган 11 та контейнердан 10 таси ўрнатилган, 1-таси “Янги Диёр” маҳалласида якунига етмаган.
Туман мутасаддилари бир ҳафта мабойнида контейнерни тўлиқ жиҳозлаб, иш фаолиятини бошлашига ваъда бердилар.
“Маданият” маҳалласида контейнер ўрнатилиб иш фаолияти бошлаган бўлсада, жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган, тоза ичимлик суви бино ташқариси ва ичкарисига келтирилмаган, қандиқ қазилмаган, иситиш тизими умуман йўқ. Ўрганиш давомида ёш болаларни эмлаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, аҳоли суҳбат жараёнида бино ичкариси жуда совуқлиги, умуман тегишли тартибда жихозланмаганлигидан норози бўлишди.
Бундан ташқари, “Янги Диёр” ҳамда “Маданият” маҳаллалари ўз биноларига эга эмас. Маҳалла ходимларининг ишлаши учун шароитлар яратилиб берилмаган. Режага асосан маҳалла учун янги бино жорий йилда қуриб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Лекин қурилиш ишлар бошлаб қўйилиб, ерга билан боғлиқ муаммолар туфайли тўхтаб қолган.
Туман мутасаддилари билан муаммоларни тизимли равишда бартараф этишга келишиб олинди.