Ўтганларни ёд олиш, улар хотирасига ҳурмат бажо келтириш биз учун азалий қадрият саналади.
Шу мақсадда Жиззах вилоят нуронийлар жамғармаси билан ҳамкорликда яна бир хайрли ишга қўл урилиб, узоқ йиллар эл-юрт, ватан равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган, партия ва меҳнат фахрийси Хидир Шукуров (1935-2021 йй)нинг хотирасига бағишлаб чоп этилган Хотира-барҳаёт китобининг тақдимот маросими ўтказилди.
Маросимда китоб муаллифлари, партия фахрийлари Н. Абдусаматов ва Н. Нурматовлар томонидан Хидир Шукуровнинг ибратли ҳаёт йўли, унга хос бўлган юксак инсоний фазилатлар тўғрисида, шунингдек, ҳозир ҳаёт бўлган сафдошлари ва шогирдлари томонидан тилга олинган ёрқин хотираларда унинг ҳамиша адолат тарафда турганлиги, фақат ҳақиқатни сўзлаганлиги, юрт ободончилиги ишларида ҳамиша бош-қош бўлганлиги ҳаётий мисолларга таянган ҳолда баён этилди.
Тадбирда иштирок этган ёш авлод вакиллари вилоят мудофаа ишлари бошқармаси қошидаги ҳарбий хизмат мутахассисларини тайёрлаш маркази курсантларида ҳам маросим чуқур таассурот уйғотиб, улар ҳам келажакда Хидир Шукуров каби ўз эли учун қайғурадиган, ватанга содиқ инсон бўлиб етишиш юзасидан дил сўзларини изҳор этишди.
ЎзХДП Жиззах шаҳар кенгаши ва муаллифлар томонидан барча иштирокчиларга “Хотира-барҳаёт” китоби туҳфа этилди.
Тадбир сўнггида яна бир эзгу амал, “Хотира боғи”га иштирокчилар томонидан манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Партиянинг ташкилий қурултойида иштирок этиб, тамал тошини қўйган, бир неча марта Олий Мажлис депутати сифатида нуфузли минбарлардан туриб, электорат манфаатларини ҳимоя қилган, қарийиб 40 йил давомида партиядан сайланган депутат сифатида самарали фаолият олиб борган, партия дастурий мақсад ва ғояларининг толмас тарғиботчиси Хидир Шукуровнинг бошлаган эзгу ишларини давом эттириш, бундан кейин ҳам биз партиядошларнинг юксак инсоний бурчи бўлиб қолаверади.