Ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятини ошириш, халқининг турмуш даражасини юксалтириш ҳақида ўйлайди. Мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни мустаҳкамланиши, жадал тараққий этиши, соҳалар ривожи таъминланиши, аҳолининг эртанги кунга ишончи ортиши бевосита ана шу омилларга боғлиқдир.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилган таклифлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Андижон вилоятидан кўрсатилган номзодлари партия Сайловолди дастури асосида қайси ижтимоий масалаларни кўтариб чиқмоқда?
Муножатхон Исакова, педагог, Андижон шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, 9-Андижон сайлов округидан номзод:
– Партиямиз жамият ҳаётининг барча соҳаларида ижтимоий тенглик тамойилларига таяниш керак, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарур. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина бир қатор масалаларни қатъий кўриб чиқиш талаб этилади. Хусусан, кам таъминланган оилалар, айниқса, олис қишлоқлар аҳоли пунктларида яшаётган ёшларнинг спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратиш керак.
Гулноза Сатимова, педагог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олтинкўл туман кенгаши раиси, 10-Олтинкўл сайлов округидан номзод:
– Фаолиятим давомида ногиронлиги бўлган шахслар билан кўп гаплашаман. Улар орасида ишлашни, оиласи даромадига улуш қўшишни истаётганлар оз эмас. Уларни қўллаб-қувватласак, мадад берсак, қўрқмасдан ўз ишини бошлайди. Бундан кўпчилик манфаатдор бўлади, албатта.
Шундан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахслар ўз ишини йўлга қўйиши, уларнинг бандлигини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган квоталарга қатъий риоя этилишига эришиш керак, деб ўйлайман.
Гулнорахон Абдуллаева,психолог, иқтисодчи, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси, 11-Бўз сайлов округидан номзод:
– Партиямиз фикрича, ҳар бир инсоннинг ҳаётий эҳтиёжлари кафолатли таъминланиши керак. Шунинг учун ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим, деб ўйлайман. Таклифимиз шуки, муҳим ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархлари ҳамда рўйхатини давлат томонидан тартибга солинишини белгилашни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш керак.
Замирахон Бўтаева, шифокор, “Туғён” хусусий клиникаси бош шифокори, 12-Шаҳрихон сайлов округидан номзод:
– Аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш ва олдини олиш – ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир. Менимча, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамини имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш керак.
Исроилжон Нишонов, тилшунос, Андижон вилояти касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 13-Асака сайлов округидан номзод:
– Биз учун асосий устувор йўналиш аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари негизида қонунчиликда кўзда тутилган маслаҳат марказлари тизимини ривожлантириш керак, деб ўйлайман. Кам таъминланган меҳнатга лаёқатли фуқароларни бизнес юритиш ва тадбиркорлик асослари бўйича бепул ўқитиш иш бошлаш ниятида юрган минглаб ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўз ишини йўлга қўйишига йўл очади.
Турсунали Мамажонов, машинасозлик технологияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марҳамат туман кенгаши раиси, 14-Марҳамат сайлов округидан номзод:
– Маълумки, бугунги кунда аҳоли орасида уй-жойга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу жараёнда аҳолининг ижтимоий заиф қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Шундан келиб чиқиб, кам таъминланган аҳоли қатламига, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити амалиётини такомиллаштириш зарур, деган таклифни илгари суряпман.
Чаросхон Шакирова, педагог, Андижон давлат университети санъатшунослик факультети декани, 15-Хўжаобод сайлов округидан номзод:
– Ёшлар тақдири учун масъуллик ва ғамхўрлик ғоялари мужассамлашган. Етук мутахассисларни тайёрлаш, умумий ўрта таълим олишда барча учун тенг шароитлар яратиш, қишлоқ мактабларида ўқув-тарбия сифатини тубдан яхшилаш масалаларига ҳам кенг ўрин ажратилган.
Депутатликка сайлансам, олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида малакали ва тажрибали мутахассислар етишмовчилиги каби ўткир муаммоларни ечишда янада фаол иштирок этиш имконига эга бўламан.
Алишер Игамбердиев, муҳандис-технолог, Андижон вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи, 16-Пахтаобод сайлов округидан номзод:
– Партиямизнинг аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилган. Бу мақсадни самарали амалга ошириш учун қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим албатта.
Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш даражасини яхшилашнинг энг муҳим шарти — бандликни таъминлашдир. Бунинг учун, уй меҳнатини ташкиллаштиришнинг янги, самарали шаклларини ривожлантириш керак. Бу айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда қўл келади. Чунки касаначилик билан шуғулланган аёл рўзғор юмушларидан узилмаган тарзда оила даромадига улуш қўшиш имконига эга бўлади.
Зафар Сайдалиев, педагог, Қўрғонтепа туманидаги 43-мактаб директори ўринбосари, 17-Қўрғонтепа сайлов округидан номзод:
– Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун олий таълимдан фойдаланишининг ижтимоий мақбуллигини ошириш лозим. Бунинг учун ўзлари яшаган қишлоқ аҳоли пунктларида ишлаш шарти билан қишлоқ ёшларини давлат грантлари асосида олий педагогик, тиббиёт ва бошқа мутахассисларни тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига кириши учун имтиёзли шароитларни жорий этиш керак, деб ўйлайман.
Сардорбек Рахманов, иқтисодчи, Андижон вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи, 18-Избоскан сайлов округидан номзод:
– Партиямиз ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан биридир, деб ҳисоблайди. Шуларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, керакли товарларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Мазкур дастурларни шаҳар ва туманларда бандлик ва иш ўринлари яратишга доир ҳудудий дастурлар ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш лозим.
Махбубахон Хатамова, олим агроном, Андижон тумани маданият бўлими мудири, маданият маркази директори, 19-Хортум сайлов округидан номзод:
– Мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий меросидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари баҳраманд бўлиши учун қулай имкониятлар яратиш лозим. Ушбу мақсадда Ўзбекистон маданияти ва тарихининг асосий диққатга сазовор жойларига ҳомийлик саёҳатларини уюштириш учун ихтисослаштирилган фондларни ташкил этиш масаласида ўз таклифларимни ишлаб чиқдим.
Мавлудахон Исақова, мусиқали театр актёри, Улуғнор тумани маданият бўлими мудири, маданият маркази директори, 20-Чинобод сайлов округидан номзод:
– Кимнингдир нимагадир қобилияти, истеъдоди бўлади. Уни вақтида англаб, қўллаб-қувватласак, бу эртага жамият ривожига хизмат қилади. Лекин, юзлаб, минглаб кам таъминланган оилалар фарзандлари молиявий етишмасликдан ўз қобилиятини намоён эта олмаяпти. Биз кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун давлат грантлари тизимини яратишимиз керак, деб ўйлайман. Олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, мусиқа санъат мактабларини ривожлантиришни молиялаштириш учун бюджет харажатларини ошириш лозим. Келажакда бу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришни режалаштирганман.
Елена Бабенко, педагог, Ўзбeкистон Рус маданият марказининг Андижон вилояти бўлими раҳбари, 21-Истиқлол сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод.
Абдуллажон Рахмонов, шифокор, “Уз авто моторс” акциядорлик жамияти тиббий қисм бош шифокори 22-Жалақудуқ сайлов округидан номзод:
– Партиямиз ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини иш билан таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини оширишга интилади. Шу билан бирга, “Тенг иш ҳақи – тенг иш учун” тамойилига қатъий риоя қилишни таъминлаш зарур, деб билади. Шу мақсадда Меҳнат кодексининг тегишли норма ва процессуал механизмлари билан тўлдириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ўз фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқишни режалаштирган.
Номзодларимиз дастурларидан ўрин олган ғоялар ҳудудлар тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар билан суғорилган. Сайловчиларни ушбу ғояларни қўллаб-қувватлашга, номзодларимизга овоз беришга чақирамиз.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.