Жиззах вилоят Зомин тумани ҳокимлиги кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Ўразалиева Муқаддас Ўктамовна сайловчилар билан амалий учрашув ўтказди.
М.Ўразалиева дастлаб 1 0ктябрь- "Устоз ва мураббийлар куни" муносабати билан учрашувда иштирок этаётган барча ўқитувчи ва мураббийларни самимий табриклади ва мамлакатимиз қонунчилигида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, хусусан устоз ва мураббийларга берилаётган имтиёзлар ва бу борадаги истиқболли режалар ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг яшаш, ўқиш шароитларини янада яхшилаш учун берилган имтиёзларнинг самараси алоҳида таъкидлаб ўтилди. Мулоқот давомида қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ҳам сўралди.
Туман ХТБга қарашли 75-умумтаълим мактаби директори З. Шеранов, туман хотин-қизлар бўлими мутахассиси С. Алимова ва бошқалар ўз таклифларини билдирдилар.
Учрашув сўнггида фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва ўз навбатида туман ташкилотлари, муассасалари раҳбарлари иштирокида масалаларга ечим топилди.