Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Ўқитувчи – дунёдаги энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи муборак касбдир. Устозларимиз ёшларга илм, билим бериш билан бир қаторда баркамоллик сари етаклайди.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 328-умумий ўрта таълим мактабида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган “Устоз яхшида” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Турли учрашув ва қизиқарли дастурларга бой бўлган тадбирда кўп йиллик тажрибага эга фахрий ўқитувчилар, соҳадаги фаолияти давомида юқори кўрсаткичларга эришаётган устоз ва мураббийлар, ёш педагоглар тақдирланди.
Тадбирда ХДП фракцияси аъзоси Ойбарчин Абдллаева, Миробод тумани Халқ таълими бўлими вакиллари, соҳада кўп йиллик тажрибага эга фахрий устоз ва мураббийлар, умумий ўрта таълим мактабининг илғор ўқитувчилари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этди. Сўзга чиққанлар 2021-2022 йилги ўқув мавсумида 328-умумий ўрта таълим мактабида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва мураббийлар томонидан кўплаб ютуқларга эришилаётганини қайд этишди. Ўқитувчиларнинг самарали меҳнатини ўқувчилар ютуқларида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ушбу ўқув йили давомида мактабнинг кўплаб ўқувчилари фан олимпиадаларининг Тошкент шаҳар босқичида ғолиб чиқиб, Республика йўлланмасини қўлга киритишди.
– Бу муваффақиятлар жами 1451 нафар ўқувчига ўзбек ва рус тилларида таълим бераётган устоз ва мураббийларнинг меҳнати самараси деб биламан, – дейди ўқитувчи Холисхон Қурбонова.
Айтиш керакки, айнан унинг раҳбарлигидаги 3-синф ўқувчилари тайёрлаган байрам дастури байрамга файз киритди. Ўқувчилар жамоаси ижод ва санъат бобида ўз истеъдодларини намоён этди. Улар томонидан ижро этилган шеър, қўшиқ, рақс ва саҳнавий чиқишлар тадбирга чинакам файз, байрамона руҳ олиб кирди.
Байрам кечасида ўз вақтида ушбу даргоҳда ёшларга таълим ва тарбия берган марҳум устозларнинг хотираси ёдга олинди. Кечага таклиф этилган фахрий устозлар қутланиб, уларга мактаб жамоасининг эсдалик совғалари топширилди.