Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги "Қатортол" маҳалла фуқаролар йиғинида “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар ва болалар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлари, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази масъул ходимлари, партия фаоллари, ташкилот ва муассасаларнинг мутасаддилари, ушбу маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар иштирок этди.
Лойиҳа доирасида хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар ва болаларнинг даволанишлари учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида давлат дастурларида белгиланган вазифалар, аёлларда кўп учрайдиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида маълумот, маслаҳат ва тавсиялар берилди. 110 нафардан зиёд хотин-қизлар ва 12 нафар бола бепул кўрикдан ўтказилиб, муолажа олишлари ёки тегишли муассасаларга мурожаат этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир сўнггида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан тиббий кўрик иштирокчиларига 12 хил бепул дори-дармонлар берилди.