Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 мартдаги
фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 48-бандига мувофиқ, даволаш профилактика муассасаларига хорижий донорлар томонидан берилган тиббий асбоб-ускуналардан пуллик хизматларни кўрсатиш бўйича тақиқни бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Шу муносабат билан Бюджет кодексининг 64-моддасига тегишли ўзгартириш киритилмоқда. Амалдаги қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида келган товарлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланади. Эндиликда ушбу моддага ўзгартириш киритиш орқали бундан тиббий асбоб-ускуналар мустасно эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Депутатлар мазкур ўзгартишнинг киритилиши тиббиёт соҳасини ривожлантиришга, ўз навбатида аҳоли саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига эътибор қаратдилар. Электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан фикр-мулоҳазалари алмашилгач, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилишда, шунингдек, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишдан асосий мақсад волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органини белгилаш эди. Лойиҳада Ёшлар ишлари агентлигини волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Ўз навбатида, волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмларини белгилаш мақсадида 19-модда тегишли қоида билан тўлдирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши волонтёрлик фаолияти соҳасида юзага келадиган турли қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, чора кўриш ва уларни бартараф этиш имконини яратади. Бундан ташқари, ушбу қонун лойиҳаси билан давлат бошқаруви органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги аниқ ваколатлари назарда тутилаётгани соҳани тартибга солиш ва ривожлантиришга қаратилган ваколатларни тизимлаштириш, волонтёрлар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик тамойилларига асосланишини инобатга олиб, бу соҳада ваколатли давлат органини белгилаш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтишди.
Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳасида ваколатли органнинг ташкилотчиликдан ташқари назорат қилувчи вазифалари ҳам қўшилиб кетаётгани, бу волонтёрлик фаолиятининг туб мазмунига зид экани қайд этилди. Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги бўйича таклифлар берилди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳаси маъқулланди.
Депутатлар, шунингдек, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туман ва Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини ҳам муҳокама қилиб, қўллаб-қувватлашди.