Саудия Арабистони билан ҳамкорликнинг янги даври бошланмоқда

Саудия Арабистони нафақат диний-маърифий, балки улкан ижтимоий-иқтисодий ютуқларга эришган, ҳамкорлик бўйича жуда катта имкониятларга эга бўлган етук мамлакатлардан бирига айланди.

Президентимиз куни кеча давлат ташрифи билан илк бор ушбу мамлакатга ташриф буюриб олий даражадаги музокара ва учрашувлар ўтказди. Ишбилармонлар доира вакиллари билан учрашувлар ўтказиш анъана тусига кираётганида ҳам чуқур маъно бор.

Ташриф чоғида Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Мамлакатимизда муваффақиятли иш юритаётган Саудия компанияларининг тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Масалан, “АСWA Power” компанияси билан ҳамкорликда 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошлангани эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 16 август куни Саудия Арабистони фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий қилиш тўғрисидаги Фармонни имзолаши ҳар иккала мамлакат аҳолиси, ишбилармонлари учун манфаатли янгилик бўлди. Чунки энди мамлакатимизда инвесторларнинг кириб келиши, туризм масалаларида қулай муҳит юзага келади.

Мамлакатимиз раҳбари Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Саид билан ўтказган музокара алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Чунки унинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони ўртасида шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма  баёнат, шунингдек, энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари соҳаларида 15 та муҳим ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳужжатлар келгусида ҳар икки мамлакат учун фойдали алоқаларнинг ривожланишига асос бўлишига ишонамиз.

Президентимиз Саудия Арабистон Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни Ўзбекистон Республикасининг  “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлаш тўғрисида Фармонни имзоладилар. Бу мукофот Саудия Арабистони халқига Ўзбекистон халқининг чексиз ҳурмати ва эҳтиромининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу воқеа ҳаммамизни янада қувонтирди.

Давлатимиз раҳбарининг Саудия Арабистонига тарихий ташрифи халқларимизнинг кўп асрлик дўстилиги ва ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланишига, ишонч ва ўзаро ҳурматнинг ортишига хизмат қилади.

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси

 
← Рўйхатга қайтиш