Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021-йил 8-июндаги “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори ижроси Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раис ўринбосари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ёшлар сектори раҳбари, депутат Мухсиддин Низомиддинов, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши 5-Фозилтепа сайлов округи депутати У.Хамидов, Чилонзор туман кенгаши депутати Д.Махмудова, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раис ўринбосари Ҳ.Раҳматов ва бандлик бошқармаси масъуллари билан ҳамкорликда ўрганилди. Навбатдаги манзил Тошкент шаҳридаги Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманлари бўлди.
Ишчи гуруҳ дастлаб, Чилонзор тумани Кўркам МФЙ да ташкил этилиши керак бўлган Тикувчилик курси фаолияти йўлга қўйилмаганлигига гувоҳ бўлди. Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани Шодлик МФЙ ҳудудидаги маиший техникаларни таъмирлаш курси фаолияти қониқарсиз ҳолатда эканлиги аниқланди. Ипакчилик МФЙ даги тикувчилик, бухгалтерия ва компютер саводхонлиги ўқув курслари учун етарли шароит ҳозирланган. Бироқ, бу ердаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти ва таълим олаётган ёшлар озчиликни ташкил этади.
Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, касб –ҳунарга ўргатиш масканларида мавжуд камчиликлар борлиги туфайли амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Муаммоларни тўлиқ бартараф этиш, 2022 йил якунига қадар Қарорда кўрсатилган жами 36 та масканни тўлиқ очиш учун амалий ёрдам кераклиги маълум бўлди. Айни масала бўйича партия ва унинг жойлардаги депутатлари томонидан туманлар ҳокимларига депутатлик сўровлари жўнатилиб, касб-ҳунарга ўргатиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар туман сессиясида кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди.