Ўзбекистон Халқ демократик партияси Чортоқ туман кенгаши томонидан “Дамариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида "Аёллар билан юзма-юз" лойиҳаси доирасида хотин-қизлар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят ва Чортоқ туман кенгаши масъуллари, “Дамариқ” маҳалла фуқаролар йиғини Хотин-қизлар фаоли Муҳаббат Мухитдинова, ОМҚП депутати вакили Юнусали Дедабаев ҳамда маҳалланинг фаол хотин-қизлари ҳамда фаҳрий онахонлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар хусусида маълумотлар берилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Мураббий” газетаси бош муҳаррири Дилбарбону Ҳайдарова жорий йилда бўлиб ўтадиган мустақиллик байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” эзгу ғояси асосида нишонланиши ва бундан ташқари байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож бўлган инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ ҳайрия тадбирларини амалга ошириш каби бир қатор вазифалар белгилангани ва бу партиянинг дастурий мақсадларига ҳамоханг эканлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур йўналишда Ўзбекистон ХДП маҳаллий кенгаш депутатлари, партия тарғиботчиларини фаолликка чақирди. Дилбарбону Ҳайдарованинг тақдим этган ижод намуналари тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.
Юртимизда бу каби қилинаётган эзгу ишлар замирида инсон қадри янада юксалаётганлиги ва уларнинг қадри ва қадди кўтарилаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларига ҳайрихоҳ бўлган бир гуруҳ хотин-қизларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида “Дамариқ” МФЙ, Янги Ўзбекистон кўчасида яшовчи 1960 йилда туғилган, турмуш ўртоғининг 6 нафар синглисини ҳамда ўзларининг 5 нафар фарзандларини уйли-жойли қилган, маҳалладаги энг намунали оила Раънохон ва Зокиржон Ризаевлар хонадонига йўқлов қилиниб, партиянинг эҳтиром ёрлиғи топширилди. Уларнинг ибратли ҳаёт йўллари турмуш чорраҳаларидаги босиб ўтган йўллари ёшларга ибрат қилиб кўрсатилди. Шунингдек, 1-гуруҳ ногирони Малика Тожибоева хонадонига ташриф буюрилиб, яшаш шароити ўрганилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.