Арнасой туман ҳокимлиги залида мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари иштирокида "Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, фикр ва таклифлар олишга бағишланган мулоқот тадбири ўтказилди.
Дастлаб халқ депутатлари туман Кенгаши депутати У.Қўқонов қонун лойиҳасида фуқароларнинг устувор ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилгани, партиямиз учун муҳим бўлган ижтимоий сиёсат юритилиши масалалари акс этаётганини мисоллар билан тушунтириб берди.
Иштирокчилар Конституцияда таълим ҳуқуқини, илм-фан ривожланишини кафолатлаш бўйича меъёрлар киритилаётганини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.
Дўстлик туман партия кенгаши ҳам Чинобод МФЙда умумхалқ муҳокамаси бўйича тадбир ўтказди. Бошланғич партия ташкилоти раиси Тўлқинжон Нурмаматов қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берди.
Тадбирда конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин давом этаётгани, ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлашди. Қонун лойиҳасида маҳалланинг мавқеи янада мустаҳкамланаётгани тўғри ёндашув экани қайд этилди.
ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.