Ўзбекистон ХДП Фарғона туман кенгаши томонидан “Конституция – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати" мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамажонова иштирокида ўтган йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Д. Мамажонова ўз сўзида асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш, Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тумандаги Обод маҳалласи раиси А.Каримхўжаев, Навруз маҳалласи раиси Ш. Хайдаров, маҳалла фаоли С. Хожиевлар сўз олиб, мамлакатимизда кечаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирганлиги ҳамда ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир жараёнида маҳалла биноси учун жой ажратиб бериш ва янги маҳалла биноси қуришга амалий ёрдам, аҳолининг экин майдонларини суғориш учун янги сув насослари ўрнатиш юзасидан депутатга мурожаатлар бўлди. Якунда депутат ёрдами билан тумандаги Наврўз маҳалласида янги қурилган ва фойдаланишга топширилган 63-мактаб биноси бориб кўрилди.