Қўқимбой қишлоқ Маданият марказида 46-Косонсой сайлов округи бўйича ЎзХДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Анвархон ТЕМИРОВ билан сайловчилар вакилларининг учрашув-мулоқоти ғоят қизиқарли кечди.
Номзоднинг ишончли вакили Одилжон Мираҳмедовнинг белгиланган тартибдаги таништирув сўзидан сўнг сайловчилар номзоднинг дастурий мақсадлари билан таништирилди.
Фаолиятининг кейинги 6 йилини «Зарафшонтекстил» тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият раҳбари сифатида ўтаб келаётган номзод Анвархон Темировнинг 500 кишини доимий иш билан таъминлагани, туман ҳудудидаги маҳаллалардан «8 Март» ёзуви туширилган автобус ҳар тонг ишчиларни жамлаган ҳолда корхонага келтириши ва ишдан кейин хонадонларга тарқатиши сайловчилар томонидан миннатдорчилик билан эътироф этилди.
Номзод сайловчиларнинг таклиф-истакларига мувофиқ, яна 150 нафар қишлоқ аёл-қизларини ишга қабул қилиш режаси борлигини маълум қилди.
Учрашувда туман ҳокими Баҳодир Юсупов иштирок этди ва сўзга чиқди. У сайловчиларга бу галги сайловларда ҳар бир киши бир овоз тамойилига мувофиқ оилавий уюшган ҳолда фаол иштирок этишга чақириб, мурожаат қилди.
Савол жавоблар асносида кечган учрашув-мулоқот номзоднинг сайловолди дастурий мақсадларини қўллаб-қувватланиши билан якунланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Анвархон Темиров билан учрашувлар Олмазор маҳалла аҳолиси билан 43-мактабда, Косон шаҳар маҳалласи мажлислар залида ҳам бўлиб ўтди.
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.