Маълумки, жорий йилнинг 25 июнидан мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бошланди.
ЎзХДП ҳам жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини белгиловчи мазкур муҳим жараёнда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳам ушбу йўналишдаги тадбирларни самарали ташкил этишда жонбозлик кўрсатиб, депутатлар, сиёсатшунослар, зиёлилардан иборат партия фаоллари билан биргаликда жойларда кенг аҳоли қатламлари, ташкилот ва муассасаларда очиқ муҳокама тадбирларини ташкил этяпти, конституцияга киритилаётган ўзгаришлар моҳиятини етказмоқда.
Мана шундай очиқ муҳокамалардан бири Жиззах шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Ўрозбоев ва ЎзХДП Жиззах вилояти кенгашининг тарғиботчи гуруҳи фаоллари билан «Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям» мавзусида ўтказилди. “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойил асосида уюштирилган тадбирда Жиззах шаҳар ҳокимлигининг аппарат ходимлари, Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши депутатлари, фаол хотин-қизлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Ўрозбоев мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бўлган эҳтиёж халқимизнинг хоҳиш истаги, сиёсий иродаси, эзгу мақсадлари ифодаси ҳамда демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми ўлароқ вужудга келганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугун юртимизда кечаётган ислоҳотлар ҳақида сўзларкан, унда мамлакат аҳолисининг турли қатламларининг юқори савияда иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Конституциявий комиссияга халқимиздан 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани жамиятимизда фуқаролик жамияти, халқимизда эса давлат тақдирига дахлдорлик ҳисси шаклланганлигидан далолат беришини айтиб ўтди.
Шунингдек, Конституциявий қонун лойиҳаси билан Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш назарда тутилаётгани, жумладан, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётгани борасида маълумот берди. Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришдек эзгу мақсадларга қаратилаётганини қайд этди.
Тадбирда ЎзХДП Жиззах вилояти кенгашининг масъул ходимлар ҳам сўзга чиқиб, конституциявий ўзгаришларга доир ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Куннинг иккинчи ярмида Жиззах шаҳридаги Олмазор, Оққўрғонлик, Халқабод МФЙиларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Ўрозбоев ва тарғибот гуруҳи фаолларининг фуқаролар билан учрашувлари бўлиб ўтди.