Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларда аҳоли томонидан билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.
Мазкур сиёсий жараён жамиятнинг барча тоифалари таклифларини ўрганиш ва қабул қилиш билан бошланганлиги ҳам мамлакатимизда инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилганини англатади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров бошчилигида Косонсой туманидаги "Чорбоғ" маҳалласида яшовчи маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, нуронийлар иштирокида ўтказилган муҳокама йиғилишида ҳам конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида гапирилди.
Ана шундай учрашувлардан бири Косонсой тумани марказидаги "М.Аъзам" маҳалла фуқаролар йиғинининг фаоллар ва нуронийлари иштирокида ҳам бўлиб ўтди. Йиғилишда маъруза қилган Анвархон Темиров Бош қомусимизга киритиш мўлжалланаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Конституциямизнинг 37-моддасига киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришларга тўҳталиб, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги ва бу норма эндиликда асосий қонундан ўрин олаётганлигига эътибор қаратди.
Йиғилишда сўзга чиққан ЎзХДП Косонсой туман кенгаши раиси Шуҳрат Жалолов ва маҳалла раиси Мўминжон Қосимовлар бугунги Конституциявий ислоҳотлар давр талаби эканини таъкидлаб ўтди.