Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш учун Сурхондарё вилоятининг Узун туманидаги сайловчилари билан учрашди.
Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси қатнашган йиғилишда қонун лойиҳаси хусусида батафсил сўз юритилди, нормаларнинг мазмуни ҳаётий мисоллар билан тушинтирилди. Аҳоли катта қизиқиш билан тингланиб якунда таклифлар билдиришди.
“Конституция – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати” мавзусидаги давра суҳбати эса Узун тумани Боботоғ маҳалла фуқаролар йиғини касб-ҳунар мактаби фаоллар залида бўлиб ўтди.
Депутат М. Ҳасанова ҳар бир шахснинг эндиликда давлат органлари ва муассасаларидан ташқари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги киритилаётгани ҳақида гапириб, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналишида маҳалладан давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш масаласи назарда тутилганини таъкидлади.
Тадбирлар якунида киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар бўйича савол-жавоблар ва таклифлар билдирилди.