Жиззах вилояти, Фориш туман ҳокимлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайхо Акрамова иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича очиқ мулоқот ўтказилди. Унда юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этаётгани таъкидланиб, қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилганлиги хусусида тушунтирилди.
Тарғибот давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зулайхо Акрамова тумандаги “Dоno textile” масъулияти чекланган жамиятда бўлиб, унинг фаолияти, ишчи-ходимларга яратиб берилган шароитлар билан танишди.
Бугунги кунда минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини юборишда давом этмоқдалар. Чунки, ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолар ечимини кўриши муҳим.
Депутат Зулайхо Акрамова “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят Кенгашининг масъул ходимларига қонун лойиҳасини тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этиш юзасидан ўз тавсияларини билдириб ўтди.