Ёшлар турли жамоат, давлат ва нодавлат ташкилотлари ишида иштирок этиш орқали ўзларининг ижтимоий фаоллигини намоён қилишга интилади. Аммо ёшларнинг жамият ҳаётидаги иштироки булар билангина чекланиб қолмайди. Ташкил этилган ташкилотлар агарда ёшларнинг шахсий, жамоавий ташаббуси орқали вужудга келган бўлса, самарали механизм барпо этилади.
Мен Конституцияда илгари сурилган принципларни ғурур билан тарғиб қиламан. Мамлакатни ягона конституция тартибга солади, ҳар бир инсоннинг шахсий конституцияси ҳам бўлиши керак, назаримда. Менинг конституциям эса – соғлом фикрдир. Миллий қонунчилик яратишда ёшларнинг позицияси бўлиши тарафдориман. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига бефарқ бўлмаган ёшларнинг илғор таклиф ва тавсиялари асосида адолатли механизм яратилишига имоним комил. Адолат бор жойда куч бўлмайди, сўз эркинлигисиз – ҳақиқий демократия.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан тақдим этилган ҳар бир қонун лойиҳасига ёшлардан фикр ва таклифлар олиш, ёшлар позициясини баён қилиш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ваколатларида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиши, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг юқорида қайд этилган устуворлигини такомиллаштириш ҳамда Янги Ўзбекистон ёшларининг конституциявий ҳуқуқларини кўпайтириш мақсадида, 83-моддага “Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига ёшлар ташкилотлари эгалиги тўғрисида” қўшимча ва ўзгартиш киритиш таклифини бераман.
Шохрух Ўктамов,
ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
Ёшлар парламенти аъзоси.