Юртимиз мустақилликка эришгач, ислоҳотларнинг илк даври, албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши билан бошланди. Ҳақиқий демократик, фуқаролик жамиятида адолатли энг муҳими инсонларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қиладиган инсонпарвар қонунлар ҳукмрон бўлмоғи даркор. Конституция қабул қилингач, ўн йилдан сўнг, яъни 2002 йил 27 январда бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра унга турли ўзгартиришлар киритилган.
Шунингдек, 2003 йил 24 апрелда Конституциямизнинг айрим бобларига тузатиш ва қўшимчалар киритилган. Фахр ва ғурур билан айтиш мумкинки, юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар бевосита қонун устиворлиги тамойилига асосланган. Жамиятда тенглик ва адолатга йўл очилди. Қонун халқ ҳокимиятини амалга ошириш, жамиятни бошқариш, давлат ва фуқаролар ўртасида ижтимоий муносабатларни тартибга солиш воситасидир.
Демак, ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси, қалқони ҳам, кўзи ҳам қонундир. Ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва уларни қонунга ҳурмат эътибор руҳида камол топтириш орқали бундай юксак, эзгу мақсадларга эришиш мумкин. Мамлакатимизнинг ҳуқуқий демократик давлат қуриш сари дадил ҳаракатларини қонун чиқарувчи орган(парламент) фаолиятини такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар тимсолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳаётда фаровонлик, эркинлик каби тушунчалар бор, зеро қабул қилинган қонунларнинг барчаси бевосита инсонларнинг манфаати йўлида хизмат қилади.
Айнан истиқлол даврида қонунчилик ва қонун ижодкорлигининг миллий ҳуқуқий механизмлари яратилди. Конституцияда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, ҳеч бир одам уларсиз яшай олмайди, негаки ҳар куни дуч келадиган муаммолар ҳал этилиши ҳам кўпинча мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларига боғлиқдир.
Бобоколонимиз Амир Темур таъкидлаганларидек, «Қонун ҳукмрон жойда эркинлик бўлади». Инсонлар белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилса, уларнинг ишлари адолатли ҳал этилади, жамиятда эркинлик ва соғлом ҳуқуқий муҳит шаклланади. Шулардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки: Конституция ҳаётимиз пойдевори ҳисобланади!
Нуриддин ХОЛМАТОВ,
ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси.