Конституциявий ислоҳотлар бўйича ЎзХДПга 1500 дан ортиқ таклиф-мулоҳаза келиб тушди
Конституциявий ислоҳотлар бўйича ЎзХДПга 1500 дан ортиқ таклиф-мулоҳаза келиб тушди

 

Бугун Ўзбекистон ХДПда Конституциявий ислоҳотлар бўйича партия Марказий Кенгашида тузилган ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя асосида олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги кенгашлари ва бошланғич ташкилотларида тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилиб, таклифлар олиш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Йиғилишда жараёнда фаол иштирок этиш мақсадида партиянинг 1500 нафардан ортиқ маҳаллий Кенгаш депутатлари, 10 мингга яқин бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирокида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган турли тарғибот тадбирлари ўтказилгани маълум қилинди. Тадбирларни ўтказишда асосий эътибор турли соҳа ва тармоқларни қамраб олишга қаратилган. Партия фаоллари корхоналарда, нодавлат нотижорат ташкилотларида, маҳаллаларда, тиббиёт ва таълим муассасаларида, хизмат кўрсатиш объектларида ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва халқ вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этмоқда. Хусусан, “Менинг Конституциям”, “Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш” ҳамда “Конституциявий ислоҳотларда менинг ҳиссам” каби мавзу ва шиорлар асосида айни кунга қадар 600 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Ишчи гуруҳ йиғилиши аъзоларининг таъкидлашича, таклифларни олиш жараёнлари бир неча босқичларда амалга оширилмоқда.

Анъанавий шакл - фуқароларга таклифларни партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларига оғзаки ёки ёзма шаклда бериш, почта алоқаси орқали йўллаш, телефон рақамлари орқали таклиф билдириш имконияти яратилиши билан бирга Telegram мессенжеридаги «XDP_konstitutsiya_bot» номли махсус бот ҳам ишга туширилди. Фуқаролардан келаётган таклифларни қабул қилиш, ўрганиш, умумлаштириш кенг қамровда ва тизимли ташкил этилмоқда. Келиб тушаётган таклифлар Конституциянинг моддалари, боблари, бўлимлари бўйича таснифланмоқда.

Эътиборлиси, аҳоли томонидан келиб тушган таклифларнинг салмоқли қисмини шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир таклифлар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган нормаларни акс эттириш билан боғлиқ таклифлар ҳам бор.

Бугунги кунга қадар Халқ демократик партиясидаги Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Ишчи гуруҳларига 1548 та таклифлар келиб тушди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирга қадар Ишчи гуруҳига таклифларни йўллаш борасида Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги фуқароларимиз бошқа ҳудудларга нисбатан фаол иштирок этмоқда.

Ишчи гуруҳи йиғилишида Конституцивий ислоҳотлар билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам берилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш