Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жарқўрғон туман кенгаши томонидан туманидаги “Нурли диёр” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбатида сўзга чиққан партия мутасаддилари юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, мазкур чора-тадбирлар хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратаётганини таъкидлади.
Хусусан, фармонга кўра хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида жорий йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади. Ушбу йил 2022 йил 1 апрелдан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни «Халқпарвар» комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат берилди.
Уй-жойга муҳтож, жумладан, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган «Аёллар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача бўлган қисми «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Бундан ташқари, фармон билан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасида бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Партия фаоллари тадбир иштирокчиларини яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирди.
Давра суҳбати якунида ЎзХДПни танлаган фуқаролардан 20 нафарига партия аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.