Бугунги кунда ЎзХДП Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишиш ҳамда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш учун вакиллик органлари фаолиятини жонлантиришимиз керак. Бунинг учун, самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш талаб этилади.
Бугунги кунда маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз томонидан сайлов окуругидаги маҳаллаларда манзилли тарзда электорат манфаатига қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада партия ташаббуси билан амалга оширилаётган «Депутат маҳаллада» лойиҳаси муҳим аҳамият касб этяпти. Хусусан, лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирларда депутатларимиз уйма-уй юриб фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фойдаланилмаётган имкониятларни ўрганиш, «маҳаллабай», «фуқаробай» тартибда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш каби таъсирчан жамоатчилик ва депутатлик назорати механизмларини амалга оширмоқдалар.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича туман, вилоят ва республика миқёсида «йўл хариталари» ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, уларда назарда тутилган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгилашда фаол иштирок этиляпти. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича амалий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят партия ташкилотлари ва депутатлар «Депутат маҳаллада» лойиҳаси доирасида 834 та маҳалладаги 21000 та хонадонда ўрганиш ўтказди. Бу жараёнда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли билан мулоқот қилиниб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Эътиборлиси, лойиҳалар давомида 7 та туманда ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаларида 320 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлардан 122 нафари тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказларига жалб қилиниб, ҳунармандчилик ва касаначиликка ўқитилди, 108 нафари устоз-шогирд тизимида шогирдликка бириктирилди. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган 124 нафар фуқарога кредит, субсидиялар олишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Фарғона вилоят ҳамда туманлар кенгашлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида юқоридагилар ҳақида сўз юритилди. Партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Зокиржон Зоҳидов «Депутат маҳаллада» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган амалий ишлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунинг билан бирга, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган лойиҳалар ва бу борада депутатлар олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар партия ташаббуси билан жойларда амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини янада ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Жаҳонгир Олимов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.