Фарғона туманининг “Бой” маҳалла фуқаролар йиғинида кичкинтойлар учун ажойиб совға туҳфа қилинди. Болажонларнинг эса қувончи чексиз – энди улар замонавий, барча қулайлик яратилган боғчада таълим-тарбия олиш имконига эга бўлдилар. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонованинг катта ҳиссаси бор.
Гап шундаки, партиядошимизнинг парламент қуйи палатаси депутатлигига номзоди қўйилган вақтда туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган “Бой” МФЙ аҳолиси номзодга мурожаат қилиб, маҳалладаги 30-сонли мактабгача таълим муассасасидаги дилни хира қиладиган ҳолат билан таништирган эди. Ўшанда номзодимиз муассаса тарбияланувчилари учун муносиб шароит яратиш устида ишлашини таъкидлаган эди.
Бугун депутатимизнинг сайловчилар олдида юзи ёруғ, аҳолимиз эса Дилбархон Мамажоновадек фидойи вакили борлигидан мамнун. 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар буни алоҳида таъкидладилар. Юртимизда келажагимиз эгаларига қаратилаётган эътибор, ғамхўрликдан миннатдор эканликларини изҳор қилдилар.
Бумарям Собирова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона туман кенгаши раиси.