Жиззах вилояти Зафарабод туман мактабгача таълим бўлимининг 2021 йилдаги фаолиятини Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи томонидан ўрганиш якунлари тўғрисидаги масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси йиғилишида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратиб берилган ва бу борада ишлар давом эттирилмоқда. Мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш давлатнинг диққат-эътиборида турган долзарб соҳалардан бири бўлиб турибди. Сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга қаратилган қонунлар, қарорлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этиляпти. Мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш мазкур тизимда инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилаётир.
Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида “бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган давлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва келгусида 3 – 6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олиш, мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш” устувор йўналишлардан эканлиги белгилаб қўйилган.
Қайд этилганидек, ўрганиш давомида туманда мактабгача ёшидаги болаларни мактабгача таълим хизмати билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бўйича ДМТТларида тегишли ҳужжатлар шакллантирилмаган, чора-тадбирлар режаси мавжуд эмаслиги, туман мактабгача таълим бўлими томонидан тарбияланувчилар тўғрисида тақдим этилган маълумотлар билан ДМТТ томонидан берган маълумотларда тафовутлар мавжуд. Мактабгача таълим ташкилотларида “Кузатув кенгашлари” фаолияти етарли даражада ташкил этилмаган, етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари болаларнинг овқатланиш рационига мос равишда берилмаган ва таомномалар тўлдирилишида камчиликлар мавжудлиги каби бир қатор ҳолатлар аниқланган.
Мазкур масалалар йиғилишда атрофлича муҳокама қилиниб, халқ депутатлари Зафарабод туман Кенгаши сессиясининг қарори қабул қилинди. Унда туман мактабгача таълим бўлими мудирининг таълим тизимида амалга оширган ишлари юзасидан фаолияти қониқарсиз деб топилгани қайд этилди. Шунингдек, туман санитария-эпедимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази туман фавқулотда вазиятлар бўлими тумандаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти белгиланган Низом талабларига кўра ташкил этилганлиги юзасидан белгиланган тартибда тизимли ва доимий назорат ўрнатиб бориши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, туман мактабгача таълим бўлими ва ДМТТлари фаолиятини тубдан ўзгартириш, ўқув-тарбия жараёнига таълим ва тарбиянинг янги механизмларини ва сифат стандартларини жорий этиш, тарбиячиларнинг билим ва салоҳиятини, ошириш юзасидан туманда юзагакелган оқсоқликни бартараф этиш ҳамда келгусида барқарор таълим тизимини яратиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармасидан мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий ёрдам сўраш вазифаси юклатилди.
Холмурод Ережепов,
Ўзбекистон ХДП Зафаробод туман кенгаши раиси.