Қонунларнинг ижроси қай даражада амалга оширилаётгани бўйича Қонунчилик палатаси депутатлари ўз округларида парламент назоратини олиб бормоқда.
Мен ҳам ўз сайлов округим – Денов туманидаги бу галги учрашувларни Остона маҳалласидан бошладим. Аҳоли томонидан симёғочларни алмаштириш, 30-умумтаълим мактабини таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва пенсия билан боғлиқ муаммолар баён этилди.
Чағониён маҳалласида бўлган учрашувда эса 33-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш учун дастурга киритиш, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъмилаш, симёғочларни алмаштириш, электр энергиясини яхшилаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича сайловчилар мурожаат қилишди.
Сурнайтеппа маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда ҳам юқоридаги каби муаммолар борлигини аҳоли айтишди. Олдинги учрашувда аҳоли томонидан маҳаллада мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш бўйича мурожаат қилинган эди. Ушбу масала ўрганиб чиқилиб, маҳаллий ҳокимликка киритилган таклиф асосида жорий йилда маҳалла ҳудудида 150 ўринли давлат боғчаси қурилмоқда.
Юқоридаги мурожаатлар тегишлилиги бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга йўналтирилиб, депутатлик назоратига олинди.
Шунингдек, тумандаги 30, 33 ва 39-умумтаълим мактаблари фаолияти, ўқув жараёни билан яқиндан танишилди. Устоз ва ўқувчилар билан суҳбат қилиниб, таклифлар ҳам олинди.
Учрашувлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва муҳокамада бўлган қонун лойиҳалари тўғрисида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўйича қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти аҳолига етказилди.
Округдаги учрашувлар давом этмоқда.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.