Депутат МТМ фаолияти билан танишди
Депутат МТМ фаолияти билан танишди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Ўрозалиева зоминлик сайловчилар билан учрашуви доирасида “Оби-ҳаёт” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 9-давлат мактабгача таълим муассасасида бўлиб, бу ерда тарбияланувчиларга яратилган шароитлар билан танишди, муассаса жамоаси билан суҳбатда бўлди.

Фаолиятини яқинда бошлаган таълим муассасаси 120 ўринга мўлжалланган.  Кичкинтойларга 6 нафар малакали тарбиячи таълим-тарбия бериб келяпти. Муассаса фаолиятининг йўлга қўйилиши Қарапчи қишлоғи аёлларига қулайликлар яратди. Чунки, олис ва чекка қишлоқ ҳудудида бундай замонавий МТМнинг очилиши қишлоқ аёлларига фарзанд тарбиясидан ортиб ўз устида ишлаш, касб-ҳунар ўрганишга шароит яратди. Энг муҳими, болажонлари барча шароитга эга бўлган масканда таълим-тарбия олиб, бошланғич синфда ўқишга тайёргарлик кўрмоқда.

– Муассасамизда жисмоний тарбия йўриқчиси, мусиқа раҳбари ҳам фаолият юритмоқда, – дейди муассаса мудираси Лобар Шерматова. – Насиб қилса, яқин келажакда гуруҳлар сонини ошириш, қўшимча тўгараклар ташкил этиш каби лойиҳалар устида изланаяпмиз. Бунинг учун муассасада барча шароитлар етарли. Малакали, ўз касбига фидойи бўлган кадрларни сафимизга жалб этиб, болажонларимизга янада сифатли таълим-тарбия бериш – бош мақсадимиз.

Депутат Муқаддас Ўрозалиева муассаса фаолияти билан танишиш жараёнида маҳалла раиси, фаоллари ва оқсоқоллар билан учрашиб, маҳаллада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

 

Эҳсон МИРЗО,

журналист.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш