Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан, партиямиз диққат-марказида турган масалалардан саналади. Бу борада энг олис маҳаллаларда яшовчи хотин-қизлар ҳаётини қамраб олиш фаолиятимиз мезонига айланган.
Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят ҳамда Музработ туман кенгашлари томонидан ушбу туманнинг чекка ҳудуди ҳисобланган “Меҳригиё” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 50-сонли оилавий поликлиникада “Соғлом авлод” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда "Соғлом аёл керак ҳаётга" лойиҳаси доирасида аёллар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Тадбир давомида соғлом турмуш тарзи тарғиб қилиниб, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, соғлом овқатланишнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти тўғрисида тушунчалар берилди.
Тиббий кўрикдан ўтказилган 200 нафарга яқин фуқароларга “Соғлом авлод” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бошқармаси томонидан мутахассислар тавсиясига асосан дори-дармонлар, дармондорилар ва кўз ойнаклар бепул тарқатилди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида давра суҳбати ташкил этилиб, ЎзХДП вилоят Кенгаши сектор мудири Ф.Болтаева, партия туман Кенгаши раиси П.Норматов хотин-қизлар ва ёшларга оид қонунчиликдаги янгиликлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқимандалик кайфиятида юрган шахслар муаммоларини бартараф этишда кўмаклашиш, оилаларни камбағалликдан чиқариш тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Шунинг билан бирга, тадбир иштирокчилари томонидан кўтарилган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутат сўровлари юборилишига қарор қилинди.
ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.