Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият ҳисобланади. Бирор иш бошлашдан аввал албатта, улардан маслаҳат ва дуо оламиз. Зеро, нуронийлар ва ота-онанинг дуоси билан бошланган иш хайрли бўлади.
Бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида асрлардан асрларга ўтиб келаётган шундай удум ва анъаналаримиз янгича мазмун касб этди. Ватан ва юрт равнақи йўлида камарбаста бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган отахону онахонларимиз ҳар жойда, маҳаллада ҳам, оилада ҳам ҳурмат эҳтиромда.
Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани ҳам нуронийларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий тасдиғи бўлди.
Ўзбекистон ХДП Поп туман кенгаши томонидан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлимлари ҳамкорлигида ушбу қарор мазмун-моҳияти билан кенг жамоатчиликни хабардор этиш ва авлодлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшларда кексаларга ҳурматни шакллантириш мақсадида “Кекса авлод ўгитлари” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тумандаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят ва Поп туман кенгаши масъуллари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари, партиянинг фаол ёшлари ҳамда бир гуруҳ фахрийлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, фахрийларнинг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини оширишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, устозларнинг бой тажрибаси тадбирда иштирок этаётган ёшларга ўрнак сифатида тилга олиниб, партия тизимида бир неча йиллар фаолият олиб борган, депутат бўлган фахрийларидан Шоирахон Абророва, Ҳожимуҳаммад Юлдашев, Абдуқодир Назаровга вилоят партия кенгашининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари ва фаоллари томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбирга янада кўтаринкилик бахш этиб, барчани мамнун этди.
Тадбир давомида партиянинг фаол ёшларидан иборат бўлган кўнгиллилар гуруҳи иштирокида ўзгалар парваришига муҳтож В. Платановнинг ҳолидан хабар олинди, унинг яшаш хонадони атрофи ободонлаштирилди. Шунингдек, болаликдан ногиронлиги бўлишига қарамай, ҳаётнинг гўзал манзараларини ўз расмлари орқали тасвирлаётган Абдулбосит Бердалиевнинг ҳам ҳолидан хабар олинди ҳамда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида ЎзХДПнинг дастурий мақсадларига хайрихоҳ бўлган бир гуруҳ ёшлар партиянинг аъзолик сафига қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.