Жамоатчилик қабулхоналаридан фойда бўляптими?
Жамоатчилик қабулхоналаридан фойда бўляптими?

 

Халқимизда берилган ваъда амали билан гўзал, деган нақл бор. Шу боис партияларнинг жамиятдаги нуфузи, таъсир кучини Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросида кўрамиз. Сайловчилар, биринчи навбатда партия электорати вакилларининг амалга оширилаётган ишлардан хабардор бўлсаларгина тегишли хулосаларни чиқара олади, сайлов жараёнида холис баҳосини беради. Бунинг учун жойлардаги Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан унумли фойдаланиш яхши самара беради.

— Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида жамоатчилик қабулхоналарига шаҳар бўйича 311 мурожаат бўлди, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши бўлим бошлиғи Гулчеҳра Холматова. — Шулардан 226 таси халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари аъзолари ҳамда ҳамкор ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Уй-жой ва ер олиш, бандлик, ижтимоий ҳамда соғликни сақлашга доир масалалар ҳар ойда партиянинг маҳаллий кенгашлари ҳамда депутатлар иштирокида мониторинг қилиб борилди.

— Мурожаатларни таҳлил қилиш жараёнида ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз мумкин, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Аброр Қурбонов. — Масалан, ўтган даврда жамоатчилик қабулхонасига коммунал соҳага оид 28 маротаба, уй-жой ва ер олиш масаласида 6 маротаба, 66 та масала иш билан таъминлаш бўйича, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш бўйича 62 та мурожаат тушган. Рақамлардан кўринадики, бандлик масаласи бугунги кунда ҳам долзарблигича қолмоқда. Демак, бу депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда партиямиз келажакда мазкур масалада ўз позициясини намоён этиб, ташаббускорликни қўлдан бой бермаслиги кераклигини англатади.

— Авиасозлар-3 10-уйда яшайман, — дейди Нина Рижова. — Уйимизнинг ертўла қисмида кўпдан буён сув тўпланади. Сабабини ўрганганимизда трубалар эскирганини билдик. Бу борада ташкилотларга, масъулларга мурожаат қилдик. Бироқ натижа бўлмади. Шу кунларнинг бирида Халқ демократик партиясининг аъзолари, депутатлари маҳалламизда сайёр қабул ўтказишди. Маҳалла раиси унда иштирок этишимиз кераклигини айтди. Чиқмаган жондан умид, дея қўшнилар билан депутатлар олдига бордик. Муаммо ҳақида маълум қилдик. Улар амалий кўмак беришга ваъда беришди. Рости, масала ҳал бўлишига катта умид боғламагандик. Негаки, турли ташкилотлардан доим шундай жавоб олардигу, натижа бўлмасди. Кўп ўтмай, депутат масъулларни жалб этган ҳолда трубаларни алиштириб берди. Ҳозир ертўламиз қуруқ ҳолатда.

— Олий ўқув юртини тамомлаш арафасида, ҳар бир битирувчида қаерда ишласам экан, кўнглимдагидай, ўзимга мос иш топа олармиканман, деган ўйлар бўлиши табиий, — дейди Тошкент кимё технологиялари институтининг 4-босқич талабаси Гулҳаё Отабоева. — Дўстларим Халқ демократик партияси Учтепа туманида сайёр қабул ўтказишаётганини айтиб қолди. Тўғриси, у ердан бирор натижа билан қайтишга ишонмагандим. Аммо қабул давомида ҳудуддаги 238-мактабга ишга жойлашиш учун йўлланмага эга бўлдим. Курсдошларим ҳам ишга жойлашаётганидан жуда хурсанд. Хаёлимда эса бир гап. Партиялар ҳам амалий ёрдам берса бўларкан-ку!

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Матбуот котиби.

Теглар

Тошкент Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш