Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва ҳунармандликни ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан тегишли вазифалар белгилаб берилган эди. Уларнинг ижроси таъминланишини назорат қилиш бўйича ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ва сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш борасида парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари У.Ўразбоев, Ф.Ашматов, Н.Қутлимуратова ва О.Абдуллаева Фарғона вилоятида ўрганиш ўтказмоқда.
Қайд этиш керак, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят бўйича 52439 та иш ўрни яратиш белгиланган бўлса, амалда 108248 та иш ўрни яратилиб, режа 206,4 фоизга бажарилган. Лекин инвестиция йўналишлар бўйича режа бор-йўғи 41,4 фоизга, туризм йўналиши бўйича 80,0 фоизга бажарилган, холос.
Яна бир масала – Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида субсидиялар ажратилиши ўрганилганда, Бағдод туманида 44 нафар фуқарога 151,3 млн сўм, Олтиариқ туманида 20 нафар фуқарога 108,3 млн сўм субсидия ажратилгани маълум бўлди. Депутатлар субсидия маблағларидан самарали фойдаланиш ҳолатини жойларга чиқиш орқали таҳлил қилишди. Жумладан, Бағдод туманида яшовчи, боқувчиси йўқ, "Аёллар дафтари"да рўйхатда турувчи Шаҳноза Раҳимованинг ҳовлисига 1 сотих майдонга енгил конструкцияли иссиқхона қуриб берилган, 20 дона лимон, помидор ва бодиринг кўчатлари экилган. “Намуна” МФЙда яшовчи, "Аёллар дафтари"да рўйхатга олинган Нодира Очилдиновага 1 дона тикув машинаси олиб берилган. Бугунги кунда у сумка тикиб ҳар куни 75-80 минг сўм даромад қилмоқда. Олтиариқ туманида яшовчи Малика Ахмедова ҳам "Аёллар дафтари"да рўйхатда туради, боқувчиси йўқ. Унга 1 сотих ер майдонига енгил конструкцияли иссиқхона қуриб берилган, 18 дона лимон кўчатлари экилган.
Депутатлар ўрганиш давомида инвестиция дастури асосида ташкил этилган иш ўринлари, уларнинг фаолияти билан ҳам танишдилар. Хусусан, Бағдод туманидаги “Гулистон” МФЙ ҳудудида 70 гектар майдонда 10 сотихдан жами 580 та иссиқхона ташкил этилган. Ҳар бир иссиқхона учун 88 миллион сўмдан 7 йил муддатга имтиёзли кредит расмийлаширилиб берилган. Ҳозирга келиб иссиқхоналарда экиш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, депутатлар "Марвар инвест" корхонаси фаолияти билан танишди. Инвестиция дастури асосида ташкил этилган мазкур корхонада бугунги кунда 200 та иш ўрни яратилган. Чинни буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона тўлиқ қувват билан ишламоқда ва у бир йилда ўртача 300 миллион доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилиш имконига эга. Бундан ташқари, 1 гектар майдонга гидропоника йўналишида иссиқхона ташкил этилган бўлиб, кунига 1 тоннадан бодринг етиштирилмоқда. Эътиборлиси, 15 нафар киши доимий иш билан таъминланган.
Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг иш ўринлари ташкил этиш билан боғлиқ дастурлар ижроси юзасидан ўрганишлари давом этмоқда.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.