Мурожаатлар ижобий ҳал этилди
Мурожаатлар ижобий ҳал этилди

 

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, “Ибрат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулнора Парпиева уч нафар фарзанди билан турмуш ўртоғининг хонадонига мажбурий киритиб қўйиш юзасидан туман партия кенгаши ҳузурида ташкил этилган Юридик клиникага мурожаат этган эди. Маълум бўлишича, унинг турмуш ўртоғи шаърий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб яшаётганлиги учун мурожаатчи вояга етмаган фарзандлари билан ота ҳовлисида яшаётган экан.

Мурожаат халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутатлари Мухторали Жўрабоев, Муҳаммаджон Маҳмудов ва Азиза Асқарова аралашуви билан суд тартибида кўриб чиқилди. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судида Г. Парпиевани уч нафар фарзанди билан турмуш ўртоғининг хонадонига мажбурий киритиш масаласи кўриб чиқилиб, фуқаронинг ҳуқуқи тикланиб, яшаб турган ҳовлисига тартибда киритилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.

Депутатларимизнинг аралашуви билан яна бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари тикланди. Гап шундаки, “Сутлибулоқ” МҚЙда яшовчи Шаҳноза Жўрабоева Мичурин қишлоғида яшовчи Зоҳиджон Худойберганов билан қонуний асосда оила қурган. Аввалига улар аҳил, иноқ яшашган. Кейин тез-тез муроса қилолмай қолганлар. Ўртада фарзандли бўлишган. Оила бошлиғи жорий йилнинг февраль ойида Россияга ишлагани кетган. Ш. Жўрабоеванинг уч ёшли фарзанди қайнонаси томонидан мажбурий тартибда олиб қолиниб, онасига берилмаган ва у фарзандини қарийб бир ойдан буён кўргани йўқ. Шу боисдан қонун талаблари асосида фарзандини қарамоғига олиш юзасидан депутатларимизга мурожаат этди. Мурожаат халқ вакиллари аралашуви билан ижобий ҳал этилиб, вояга етмаган боланинг онаси бағрига қайтарилишига эришилди.

Депутатларимиз бу билан тўхтаб қолгани йўқ, албатта. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга эришиш фаолиятларининг муҳим йўналишига айланган. Бу борада туман партия Кенгаши қошида фаолият юритаётган Юридик клиника муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Соҳиба Жуманова,

Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси,

халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш