Халқ ишончи – юксак эътироф
Халқ ишончи – юксак эътироф

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган партиядошларимиз жорий йилнинг 24–26 март кунлари сайлов округларида бўлиб жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказдилар.

Бунда депутатларимиз давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда илгари сурилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга, ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги каби бир қатор долзарб йўналишларда ўрганишлар ўтказдилар.

Бундан ташқари, фракциямиз аъзолари жойларда ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, тиббиёт муассасаси, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, «Меҳрибонлик» ва «Саховат» уйлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Муассаса жамоаси, фуқаролар билан яқиндан мулоқотда бўлдилар.

Шунинг билан бирга депутатларимиз сайёр қабуллар, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказдилар. Бу жараёнда сайлов округида узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммолар таҳлил қилинди, фуқаролар ва сайловчилар томонидан кўтарилган масалаларни маҳаллий ҳокимликлар ёрдамида жойида ҳал этиш чоралари кўрилди, республика даржасида аниқланган муаммоларни парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чоралари белгилаб олинди. Эътиборлиси, сайловчилар томонидан кўтарилган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Бунга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбарчин Абдуллаеванинг 83-Олтинсой сайлов округида бўлиб, сайловчилар билан ўтказган мулоқотини яққол мисол сифатида келтириш мумкин. Яъни, депутат томонидан Олтинсой туман сектор раҳбарлари иштирокида аҳоли учун ташкил этилган сайёр қабулда мурожаат қилган фуқароларнинг аксарияти муаммолари зудлик билан ҳал этилганидан мамнун бўлдилар.

Фикримизни аниқ мисоллар асосида давом эттирамиз. Партиямиз депутатининг туман ҳокими билан ҳамкорликда ўтказган сайёр қабулида бир қанча фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан ечим топилди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар В.Тоғаев ҳамда М.Хурсанованинг уй-жойларини таъмирлашда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги илтимоси ижобий ҳал этилиб, уларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. “Жилибулоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Г.Қаршиева, “Илоқ” МФЙда яшовчи О.Умаровнинг иш билан таъминлаш масаласидаги мурожаатлари ҳам қаноатлантирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, “Овчи” МФЙда яшовчи З.Юлдошев, “Бўстон” МФЙда яшовчи М.Темиров ҳамда “Жилибулоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Х.Абдимўминовнинг моддий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатлари ҳал этилиб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Халқ вакили учун фуқаролар ишончига муносиб бўлишдан ортиқ эътироф йўқ. Шу маънода олганда, партиямиз депутатлари томонидан амалга оширилаётган ишларга, уларнинг фаолиятига сайловчилар томонидан берилган юксак эътироф таҳсинга сазовордир.

 

Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш