Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров мутасадди ташкилотлар масъуллари билан бирга Косонсой туманидаги "Баҳористон" маҳалласида бўлиб, ҳудуд муаммоларни яқиндан ўрганди.
Қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ва туман марказидан 9-10 км узоқликда жойлашган, 4455 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи "Баҳористон" маҳалласида 823 та хонадон мавжуд. Маҳалла аҳли асосан тоза ичимлик суви таъминотидан азият чекмоқда.
Бир неча йиллик саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳудудга тоза ичимлик суви тортиш масаласи якунига етмаяпти. Шунингдек, ҳудудда 9,2 км йўл бўлиб, шундан 4 км асфальт қилинган бўлса, 5,2 км шағал ётқизилган.
Анвархон Темиров маҳалла фаоллари, шунингдек, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, маҳаллий Кенгаш депутати билан учрашди. Мулоқотда ишсизликнинг олдини олиш, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, шунингдек, охирига етмаётган сув таъминоти масаласи муҳокама этилди. Ҳар бир масала юзасидан тегишли соҳа вакилларига зарурий кўрсатмалар берди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ҳусусий шерикчилик асосида кўплаб оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил қилинган ва қилинмоқда. "Пр.Т.М.Жалолов" номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳам улардан бири. Муассаса раҳбарияти тарбияланувчилар учун болалар майдончаси ташкил этиш ҳамда янги мебель жиҳозлари харид қилиш учун имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат билан чиққанди.
Депутат Анвархон Темиров мурожаат бўйича муассасада бўлиб, ҳолат билан танишди. Масала туман молия бўлими ҳамда МТБ масъуллари билан муҳокама этилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, депутат янги иш ўринларини яратиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан масъуллар билан фикр алмашиб, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан тегишли чоралар белгилаб олинди.
Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.