Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанованинг сайловчилар билан бу галги учрашувлари “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабул билан бошланди. Қабул жараёнида фуқаролар ўзларини ўйлантираётган бир қанча масалалар бўйича депутатга мурожат қилдилар. Эътиборлиси, мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 52 нафар фуқарога 15 сотихдан ер ажратиш масаласи ижобий ҳал этиладиган бўлди. Фуқаро М.Шукурованинг фарзандларига уй-жой ажратиш тўғрисидаги мурожаати МФЙ томонидан назоратга олинган бўлса, Н.Қодированинг олий таълим даргоҳида ўқиётган фарзандининг контракт пулини тўлаб беришни туман Ёшлар агентлиги етакчиси ўз зиммасига олди. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги “Тинчлик” ва “Шодлик” кўчаларида сув муаммоси ҳамда маҳаллага қабристон учун жой ажратиш бўйича тушган мурожаатлар депутат М.Ҳасанова томонидан назоратга олинди.
Депутатнинг “Қарашиқ” МФЙ фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувида эса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 30 нафар фуқарога 15 сотихдан ер ажратиши маълум қилинди. Маҳалла ҳудудидаги зах ерлар учун дренаж қазиш, трансформатор ва бетон симтўсинлар ўрнатиш масалаларида тегишли чоралар кўрилиши белгилаб олинди.
Маълумки, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш, халққа яқинлаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Депутат М.Ҳасанова сайлов округида электорат вакиллари билан ўтказилган мулоқотлар давомида мазкур масалага эътибор қаратиб, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар олис ва чекка ҳудудларда қанчалик ўз ифодасини топаётганини Узун туман тиббиёт бирлашмаси қарашли Жончекка ОШП ва 75-оилавий поликлиникаси мисолида ўрганди. Ўрганиш жараёнида мазкур тиббиёт муассасаларининг зарур жиҳозлар, дори-дармонлар билан таъминланганлиги ўрганилди, ходимлари, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашилди, уларнинг таклиф ва талаблари юзасидан фикр-мулоҳазалар юритилди.
Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.